Ҳар гал судга борганимда аксар ҳолларда суд ўз вақтида бошланмайди. Тезкор замонда қолган ишларга қор ёғишини жим кузатиш одамнинг асаб толаларини бир чертиб ўтиши тайин, албатта. Кечикишларни судьялар ё уларга яқинлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона иш ҳажми кўплигидан кунига ботмон-ботмон “дело” кўрилаётганини айтишса-да, масъуллар аравани бошқа томонга судрайди.
Биринчи кутиш
17 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судига суд ишида қатнашиш учун боришга тўғри келди. Жабрланувчи терговдан норози. Суддан ҳам кўнгли хижил. Лекин кўрилаётган масала кўпчилик учун қизиқ — ижтимоий тармоқлардаги ўзаро гуруҳда ҳақорат қилиш.
Суд соат 10:30 га белгиланган эди, ярим соат қолганда 16:00 га кўчирилди. Айтилган вақтга ўн дақиқа камда бориб, маҳкама эшиги олдида ҳозир бўлдим. Қоровулхонада одам кўп. Вақт бўлди, суддан дарак йўқ. Орадан ярим соат ўтди ҳамки, жимлик. Секин қоровул йигитлардан судья ёрдамчиси Ш.Бобоқуловни (жабрланувчига юборилган чақирув хатида исми кўрсатилмаган экан) сўрадим. Миршаб фамилия билан ёрдамчиларни танимаслигини айтиб, исмини сўради. Улар билмаганни мен қайдан билай. Чақирув телефонидан кимгадир сим қоқиб топди — Шуҳрат экан. Чиқадиган бўлди.
Мен каби судни кутаётганлар орасида ёши элликлар атрофидаги бир киши, “Ким бўлса ҳам чиқсин, ўшани бир кўрай”, деб ҳам илтимос, ҳам жаҳл аралаш қоровуллардан кимнидир чақириб беришни такрор сўроқлади. Ахири формали акаларнинг тоқати тоқ бўлдими, ички телефондан “Нега жавоб бермайсизлар, чиқиб одамларга тушунтиринглар, биз жанжаллашиб чарчадик”, деди.
Беш дақиқа ўтиб ё ўтмай бир йигит чиқиб келди. Уч-тўрт чоғли киши бирдан савол ёғдирди: “Суд қачон бошланади?”. Бундай сўроқларга кўп тутилиб туради чоғи, йигит босиқлик билан ҳаммага секин жавоб бериб чиқди. Лекин баландроқ овозда гапираётган кишининг тоқати тоқ бўлиб, ғазабноклиги қолмади. Жавоб олгандан кейин ҳам кайфияти ўша-ўша. Сўраб билсам, маъмурий иш очилган экан, кун бўйи ишни кўриш вақти уч марта ўзгарибди. Суд яна чўзилибди, 2-3 соатлардан кейин, кечки соат 6-7 ларга келинг, деб айтишибди. Рўзғор ишлари қолиб келганидан нолиган бўлди. Энангни қози урса, дардингни кимга айтасан, дегандек қилиб чиқиб кетди.
Ярим соатлар ўтиб судья ёрдамчиси Шуҳрат Бобоқулов кўриниш берди. Журналистман десам ҳам, телефонимни қутида олиб қолди. Асосий бинога ўтдик, қайси хонага кирамиз, деб судья ёрдамчисига саволнома қарадим, “ҳозир” деди. Бу “ҳозир” ҳозир бўлавермади. Уч соатча чидадим, бино ичкарисидаги катта зал жуда совуқ экан. Бошланмади, ахири кетдим. Мендан кейин жабрланувчи тараф ҳам қолмабди.
Судда бегоналар
Галги суд мажлиси 18 декабрь соат 16:00 га тайин қилинибди. Боролмадим, яна ортиқча вақт йўқотиш ниятим йўқ эди. Жабрланувчи ҳаммасини айтиб берди.
Суд яна вақтида бошланмаган. Ишни кўраётган судья Завқиддин Ярашев жабрланувчиларга судни кутмасдан кетворганига жаҳл қилиб, судни бошлаган. Куттирганига на изоҳ, на узр бор. Эмишки, кутиш шарт!
Қизиғи, суд залида тарафлардан бошқа, яъни 6 нафар бегона шахс ҳам қатнашган: панжара ортида 2 нафари (қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган судланувчиларни суд залида сақлаш жойида) яна 4 нафари бир четда ўтирган. Хўш, улар ким ва бегона судда нима қилиб ўтирибди? Шу каби саволлар тарафларни қизиқтирган, лекин судьядан сўрамаган. Судья ҳам на изоҳ ва на тушунтириш берган. Тахминимизча, суд қайсидир қисмда вақтинча танаффус олган ва орада бошқа суд иши кўриб юборилган.
Шу залда давом этган суд мажлисида жабрланувчи “адвокат оламан”, дегани учун ишни кўриш бошқа кунга қолдирилган.
Кенгаш ўрганар
Судларнинг ўз вақтида бошланмаслиги кўпдан бери айтиб келинаётган эски гап. Кечикиш икки тарафга: судьяга ҳам, томонларга ҳам стресс бераётгани тайин. Бунинг суд ишларига таъсир ўтказиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ишонамизки, юқоридаги воқеликни Судьялар олий кенгаши бееътибор қолдирмайди. Суд залида бегона шахслар бўлиши эса ҳар қандай ҳолатда ҳам оқлаб бўлмайдиган ҳолат.
Мусулмонбек Иброҳимов, “Дарё” мухбири
Изоҳ (0)