Ўзбекистон президентининг “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 19 апрелдаги фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида ҳукумат қарори эълон қилинди.
Қарор билан интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ташкил этиш фаолияти ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга қўйиладиган лицензия талаблари ҳам шартлари тасдиқланди. Таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ташкил этиш ва ўтказишда ҳамда букмекерлик фаолиятидаги чекловлар белгиланди. Шунингдек, бундай фаолиятни амалга оширишга оид айрим тўловлар турлари ва миқдорлари тасдиқланди.
Қарорда белгиланишича, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистрини юритади.
Унда қуйидагилар назарда тутилади:
- ўйинчилар ягона реестри;
- чекловлар (тақиқлар), шу жумладан, букмекерлик гаровларида ёки интернет тармоғидаги ўйинларда сарфлаш (ютқазиш) мумкин бўлган маблағлар бўйича лимитлар ягона реестри;
- сотиб олинган лотерея чипталари, букмекерлик гаровлари учун қабул қилинган маблағлар ва интернет тармоғидаги ўйинларга киритилган маблағлар билан боғлиқ молиявий транзакциялар реестри;
- ютуқлар бўйича тўловлар реестри.
Белгиланишича, интернет тармоғидаги ўйинлар, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга ошириш учун 5 йилга намунавий (оддий) лицензия берилади.
Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти ташкилотчилари ўз хизматларини кўрсатиш учун интернет тармоғи миллий сегментидаги фақатгина битта домен номидан фойдаланиши мумкин.
Бир вақтнинг ўзида қуйидаги мезонларнинг камида иккитаси мавжуд бўлганда, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, букмекерлик гарови ва лотереяларнинг ўтказиш жойи сифатида Ўзбекистон тан олинади:
- ўйинчи Ўзбекистон фуқароси бўлиши,
- ўйин Ўзбекистон ҳудудида ташкил этилиши,
- ўйинчи Ўзбекистон ҳудудидан ўйинда иштирок этиши,
- ўйинга кириш учун Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ИП-манзилдан ёки Ўзбекистоннинг халқаро коди мавжуд бўлган мобил телефондан фойдаланиш,
- ўйинга пул киритиш ва чиқариш учун Ўзбекистон тижорат банки томонидан эмиссия қилинган банк картасидан фойдаланилганда.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги 3 ой муддатда фуқароларнинг ёши, соғлиғи, даромад манбаи ва бошқа маълумотларни инобатга олган ҳолда, интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик гаровларида қатнашиши тақиқланган Ўзбекистон фуқароларининг тоифалари рўйхатини ишлаб чиқиб, тасдиқлаши лозим.
Шунингдек, таваккалчиликка асосланган ўйинларга қарамлиги мавжуд шахслар рўйхати ишлаб чиқилади. Мазкур рўйхатга жисмоний шахс ўз аризасига 6 ойдан 5 йилгача муддатга ёки унинг яқин қариндошининг аризасига мувофиқ суднинг қарори асосида 5 йил муддатга киритилади.
18 ёшга тўлмаган шахсларга тегишли ҳисобрақамлардан, шу жумладан, банк картаси ҳисобрақамларидан, таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик гаровларида иштирок этиши, ютиши ёки ютқазиши билан боғлиқ тўловларни амалга ошириш тақиқланади.
2025 йил 1 январга қадар лотерея ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида ноқонуний хизматлар кўрсатувчи хорижий юридик шахсларга жарима қўллаш тартиби ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.
Ўзбекистонда лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар ҳақида
Президентнинг “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Ўзбекистонда 2025 йил 1 январдан таваккалчиликка асосланган ўйинларни онлайн ўтказишга ҳамда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига кўра, мазкур фармон маблағларнинг мамлакатдан чиқиб кетишининг олдини олишга қаратилган.
“Чет элга қанча маблағ чиқиб кетиши бўйича аниқ рақамлар йўқ. Лекин маълум қоидалар асосида ҳисоблаб чиқса бўлади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бир йилда қимор ўйинларига Ўзбекистондан 300 миллион доллардан 1 миллиард долларгача бўлган маблағ чет элга чиқиб кетяпти”, деган эди агентлик бошқарма бошлиғи Нодир Жўраев 2024 йил майида ўтказилган матбуот анжуманида.
Фармонга кўра, таваккалчиликка асосланган ўйинларни интернетда (онлайн) амалга ошириш йўлга қўйилади. Барча тўловлар банк орқали қабул қилинади. Таваккалчиликка асосланган ўйинларни махсус лицензия олган юридик шахслар ташкил этишига рухсат берилади.
Изоҳ (0)