Тошкент ҳарбий округида ҳарбий хизматчилар билан “Ҳар қандай қимор бу — тузоқ” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбирда ҳарбийларга онлайн қимор ўйинларига берилмаслик кераклиги тушунтирилган.
“Миллий урф-одатларимиз, менталитет ва диний қарашларимизга ёт бўлган қимор ўйинларини ноқонуний равишда ташкил этиш ҳолатлари, айниқса, онлайн тарзда оммалашиб, ўсмир ва ёшларни ўз домига тортаётгани ачинарли ҳолатлардан биридир. Ҳаттоки бундай ўйинларда кўп миқдордаги пулини ютқазиб қўйиб, охир-оқибат ўз жонига қасд қилиш ёки ютқазиб қўйган пулини тўлаш учун жиноят содир қилиш ҳолатлари ҳам юз бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда республикамизда тотализатор ва букмекерлик фаолиятини амалга ошириш ва албатта, бундай хизматларни реклама қилиш ноқонуний ҳисобланади. Ҳарбий хизматчилар билан ўтказилган учрашувда ҳам бу каби онлайн қимор ўйинларига берилмаслик, уларнинг фожиали оқибатлари ҳақида фикр билдирилди”, —дейилади хабарда.
Вазирлик хабарига кўра, ҳарбий хизматчиларнинг огоҳлигини ошириш, командир ва бошлиқлар томонидан ўз қўл остидаги бўйсинувчиларининг бўш вақтларидан унумли фойдаланиши устидан мунтазам назорат олиб бориши юқоридаги каби салбий иллатлар тарқалишига чек қўяди.
Изоҳ (0)