Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддасига (оммавий тартибсизликлар) тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 24 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида Жиноят кодексининг 244-моддасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг 244-моддаси учинчи қисм билан тўлдирилиб, унда оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик учун алоҳида жавобгарлик чоралари белгиланмоқда. Шу билан бирга, Жиноят кодекси 244-моддасининг тўртинчи қисмида оммавий тартибсизликларни молиялаштирганлик учун тўғридан тўғри жавобгарлик кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ушбу модда янги бешинчи қисм билан тўлдирилиб, унда ўқувдан ўтган шахс ўз хоҳиши билан ўқувдан ўтгани ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган тақдирда, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши белгилаб қўйилмоқда.
11 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда бугунги кунда оммавий тартибсизликлар мамлакатдаги тинчликка путур етказувчи, жамият осойишталигига рахна солувчи омил бўлиб бораётгани таъкидланганди. Шу сабабли, оммавий тартибсизликлар уюштириш учун махсус тайёргарликдан ўтган шахслар жалб қилиниб, бундай ҳаракатлар кенг молиялаштирилмоқда.
Амалдаги қонунчиликда оммавий тартибсизликлар ташкил қилганлик, уларда фаол қатнашганлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлса-да, бироқ оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик, оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш билан боғлиқ фаолиятни молиялаштирганлик учун тўғридан тўғри жавобгарлик мавжуд эмас.
Мажлисда қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, жиноятларни профилактика қилишга хизмат қилади.
2021 йил март ойида Жиноят кодексининг 244-моддаси фуқароларни оммавий тартибсизлик ва зўравонликка даъват қилганлик учун санкция билан тўлдирилганди.
Изоҳ (0)