Гаровга олинган Исроил фуқароларидан олти нафарининг жасади топилиши ортидан Тель-Авивда оммавий норозилик ва тартибсизликлар содир бўлди. Намойишларда қатнашган 29 киши ҳибсга олинди.
Бу ҳақда Исроил полицияси матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, қўлга олинганлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашувда иштирок этган, йўлларда ҳаракатни тўсиб қўйган, жамоат тартибини бузган.
“Ҳозир барча йўллар намойишчилардан тозаланди, ҳаракат аста-секин тикланмоқда”, дея қўшимча қилди полиция.
1 сентябрь оқшомида Исроил бўйлаб 700 минг киши оммавий норозилик намойишларига чиқди. Намойишчилар мамлакат ҳукуматидан Ғазо секторида гаровга олинганларни зудлик билан озод қилишни талаб қилди.
Аввалроқ Ғазо секторининг Рафаҳ шаҳридаги ерости туннелида ҲАМАС томонидан гаровга олинган олти кишининг жасади топилгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)