Республика бўйича ногиронлиги бор болаларни 16,5 минги мактабга, 17,5 минги боғчага бормайди, яна 11 минг бола махсус мактаб-интернатларда ота-онасидан узоқда ўқияпти. Бу ҳақда бугун, 13 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Айтилишича, боғча ва мактаб ёшидаги ногиронлиги бор болаларнинг таълим билан қамрови Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятида энг пастлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунинг учун Ижтимоий ҳимоя агентлиги, ММTV, вилоят ҳокимларига 1 февралгача ҳар бир туманда биттадан боғчада инклюзив таълим гуруҳини очиш топширилди. 1 сентябргача 954 та мактабда инклюзив синф ташкил қилиниб, яна 1 минг 800 нафар ногиронлиги бор бола таълим олиши учун шароит яратилади.
Ижтимоий ҳимоя агентлигига ҳаракати чекланган болаларга мактабга келиб-кетиш харажатини 75 фоизини қоплаш тизимини жорий қилиш топширилди.
Шунингдек, ментал ва жисмоний нуқсони бор болаларни ўқитадиган 90 та махсус мактабни кўп функцияли мактабга айлантириш кераклиги таъкидланди. Бу орқали ногиронлиги бор 2 минг бола ота-онаси билан яшаб, яқин ҳудуддаги мактабда ўқиш имконига эга бўлади.
Янги ўқув йилидан Тошкент шаҳрида битта шундай мактаб фаолияти йўлга қўйилиб, намуна қилинади.
Яна бир тажриба – шу йили ногиронлиги бор болалар учун 73 та кундузги парваришлаш ва “Ғамхўрлик” гуруҳлари ташкил қилинди.
Бу соҳага хусусий секторни олиб кириш учун қўшимча имкониятлар яратилади. Яъни тадбиркорларга ҳар бир бола учун кунига 100 минг сўмдан субсидия, хоналарни жиҳозлашга 30 миллион сўмгача арзон кредит ажратилади.
Бунинг ҳисобига Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ногиронлиги бор 2 минг болани кундузги парваришлаш тизими йўлга қўйилади.
Бу тизим 1 октябргача қолган вилоятларда ҳам жорий қилинади. Мутасаддилар олдига келгуси йилда 15 минг ногиронлиги бор болани таълимга жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Изоҳ (0)