Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Озарбайжон билан муносабатлардаги кескинлик юзасидан изоҳ берди. Бу ҳақда “РБК” хабар берди.

Песковнинг сўзларига кўра, Россия Озарбайжон билан юзага келган муаммолар конструктив тарзда ҳал қилинишига умид қилмоқда. У бу муаммолар “икки томонлама муносабатларнинг умумий руҳига мос равишда” бартараф этилиши кераклигини айтди.
Мантиқ фақат бир нарсани кўрсатади: Россия ва Озарбайжон умумий тарих, умумий бугун ва умумий келажак бирлаштирган энг яқин ҳамкорлар, иттифоқчилар ва давлатлар бўлиб келган ва шундай бўлиб қолиши лозим, дея таъкидлади Кремль вакили.
Шунингдек, у Россия дипломатлари Бокуда ҳибсга олинган россияликлар билан алоқада эканини қўшимча қилди. Озарбайжон томони билан мулоқотни Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин ва бош прокурор Игор Краснов ҳам олиб бормоқда.
Икки давлат ўртасидаги муносабатлар нега ёмонлашди?
Давлатлар ўртасидаги сўнгги кескинлик июнь охирида Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Озарбайжон фуқаролари ҳибсга олинганидан кейин юзага келди. Россия Тергов қўмитаси уларни 2001, 2010 ва 2011 йиллардаги қотиллик ва суиқасд ишларида айбланувчи деб атаган. Қўлга олинганларнинг икки нафари вафот этган.
Россия Тергов қўмитаси улардан бири “юрак етишмовчилигидан” вафот этганини, иккинчисининг ўлим сабаби аниқланаётганини даъво қилди. Бироқ Озарбайжон томони суд-тиббий экспертизадан сўнг уларнинг танасида жароҳатлар борлигини аниқлади.
Озарбайжон ҳукумати фуқаролари шафқатсизларча калтаклангани, этник асосда уларга зўравонлик қилинганини таъкидлади. Ҳолат юзасидан Озарбайжон қасддан одам ўлдириш, қийноққа солиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди.
30 июнь куни “Спутник Озарбайжон” агентлигида яширинча ишлаган Россия федерал хавфсизлик хизматининг икки ходими қўлга олинди. Кейинроқ улар агентликнинг ижрочи директори Игор Картавих ва бош муҳаррир Евгений Белоусов экани маълум бўлди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Бокунинг хатти-ҳаракатлари туфайли Озарбайжон элчисини чақиртирган ва “Озарбайжон томонининг икки томонлама муносабатларни бузишга қаратилган онгли қадамлари” муносабати билан норозилик билдирган.
Изоҳ (0)