Украинанинг Россия ҳарбий аэродромларидаги самолётларга қарши олиб борган “Ўргимчак тўри” операцияси келажакдаги барча урушларнинг кечишини ўзгартириши мумкин. Бу ҳақда Axios хабар берди.

Хабарга кўра, Украина Хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган “Ўргимчак тўри” код номли операция Кремль раҳбари Путин учун оғир зарба бўлди. Ҳукуматпараст блогерлар бу ҳужумни Перл-Ҳарбор билан таққосламоқда, ҳарбий экспертлар эса уни Россиянинг миллий мудофааси учун “янги даҳшат” деб атамоқда:
Бунга қўшилиш мумкин: Украинанинг арзон дронлардан моҳирона фойдаланиши нафақат бу урушнинг келажаги, балки барча урушларнинг келажаги учун улкан оқибатларга олиб келади, дейилади таҳлилда.
Россия фронтда сулҳ тузишдан бош тортаётган, АҚШ янги санкциялар жорий этилишини рад этаётган, Ғарб ҳамкорлари эса Украина армиясига янги ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини топширишга шошилмаётган бир пайтда Киев оддий хулосага келди: агар халқаро ҳамжамият Россия бомбардимончи самолётларини ҳавода тутиб олишда ёрдам бермаса, уларни ерда йўқ қилишга тўғри келади.
Россия стратегик авиациясига дронлар ҳужуми АҚШ портларидаги Хитой контейнерлари орқали махфий ҳужумлар таҳдидини муҳокама қилишга мажбурлайди, дейилади хабарда.
АҚШ Мудофаа вазирлиги 2024 йилда Хитойда оддий юк контейнерига жойлаштириш мумкин бўлган дронлар эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган эди. Ҳозир эса Украина реал вақтда айнан шундай сценарийни амалга оширди. Бу ҳолатни АҚШ Мудофаа вазирлиги фақат қоғоздаги моделлаштириш орқали тасаввур қилган эди.
Перл-Ҳарбор — АҚШнинг Гавайи оролларидаги ҳарбий-денгиз базасининг номи. 1941 йил 7 декабрь куни Япониянинг кутилмаган ҳужуми билан машҳур бўлган.
“Ўргимчак тўри” операцияси
Украина Хавфсизлик хизмати 1 июнь куни Россиянинг бешта авиация базаларига қарши кенг кўламли махсус операция ўтказди. Унинг мақсади Россия стратегик авиациясини, хусусан, Украина шаҳарларига мунтазам равишда ҳужум қилган қанотли ракета ташувчиларини ишдан чиқариш эди.
Операция бир ярим йилдан кўпроқ вақт давомида тайёрланган ва пухта режалаштирилган. Ҳужумлар Россияда тўхтаб турган юк машиналаридан учиб чиққан дронлар ёрдамида амалга оширилган. Бу эса Украина чегарасидан узоқ масофада зарбалар беришга имкон берган.
Ғарб экспертлари фикрича, бу операция урушда бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин ва Украинанинг Россиянинг стратегик объектларига зарба бериш қобилиятини намойиш этади. Операцияга 117 та дрон жалб қилинган. Улар Россиянинг стратегик қанотли ракета ташувчиларининг 34 фоизини йўқ қилган.
Зеленский операциянинг “офиси” Россия вилоятларидан бирида Федерал хавфсизлик хизмати бошқармаси ёнида жойлашганини айтган. Украина президенти “ноёб операция” учун хавфсизлик хизмати ходимларига миннатдорлик билдирган.
Изоҳ (0)