Россиянинг бешта ҳудудидаги стратегик аэродромларга ФПВ-дронлар билан зарба берилди. Фронтдан 1 800 км масофада жойлашган Мурманскнинг Оленя ҳаво базаси ҳамда жабҳадан 4 400 км узоқликдаги Иркуцк вилоятининг Белая аэродроми шулар жумласидан. Ҳужум нишони ядровий триаданинг бир қисми ҳисобланган, яъни оммавий қирғин қуролларини ташишга мўлжалланган стратегик бомбардимончилар бўлди. Россия қўмондонлиги улардан Украинага узоқ масофали ракеталар учиришда фойдаланиб келарди.
Тармоқларда тарқалаётган видеоларда портлаш ва тутун тасвирлари акс этган. Кейинроқ дрон операторлари томонидан ёзиб олинган кадрлар ҳам эълон қилинди. Улардан энг ками 4 та Ту-95МС стратегик бомбардимончисига зарба берилганини кўриш мумкин. Ушбу моделдаги самолётлар камёб бўлиб, ҳар бири тахминан 60 млн долларга баҳоланади.

Бироқ талафотлар шу билан чекланмайди. Кейинроқ Украина нашрлари хавфсизлик манбаларига таяниб, амалиёт натижасида жами 40 га яқин самолёт йўқ қилинган ёки шикастлангани, умумий зарар эса 2 млрд долларга баҳоланиши ҳақида ёзиб чиқди. Шунингдек, Ту-90МС стратегик бомбардимончисига қўшимча равишда Ту-22М3 ва А-50 самолётлари ҳам нишонга олингани маълум қилинди.
Мазкур амалиёт Украина хавфсизлик хизмати томонидан “Ўргимчак тўри” дея номланган бўлиб, унда ФПВ-дронлардан фойдаланилгани алоҳида диққат тортди. Боиси бу турдаги учувчисиз учиш қурилмалари атиги 5-15 км масофага парвоз қилиши мумкин. Бироқ нисбатан кичик ҳажми сабаб уларни яшириб ўтиш, гарчанд мураккаб бўлса-да, имконли ҳисобланади.
Воқеадан кўп ўтмай дронлар юк машинасидан учиб чиққани маълум бўлди. Кейинроқ Мурманскнинг Оленогорск шаҳрида юк машинаси ҳайдовчиларидан бири ушлангани, бироқ унинг ўзи нима олиб кетаётганидан бехабар бўлгани ҳақида хабар қилинди.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, ФПВ-дронларни аэродром яқинига олиб боришда фойдаланилган контейнер миссия якунланиб бўлгач ўзини портлатиб юборган. Бундан мақсад учувчисиз учиш қурилмаларини минглаб километр масофадан туриб бошқаришга имкон берган технология ва бошқа изларни яшириш бўлиши мумкин.

Россия Украинанинг узоқ масофали камикадзе дронлари таҳдиди сабаб ўз стратегик авиациясини фронтдан минглаб километр узоққа кўчирган эди. Бироқ ҳар бири юзлаб миллион доллар турадиган самолётларнинг атиги 500-1000 доллар турадиган ФПВ-дронлар билан йўқ қилиниши стратегик объектларнинг муҳофазаси билан боғлиқ камчиликларни очиб беради. Қолаверса, ўнлаб, эҳтимол юзлаб қуролланган дронларнинг мамлакат ичида бемалол олиб юрилишига йўл қўйган, бундай хавфни вақтида бартараф эта олмаган Россия Федерал хавфсизлик хизмати фаолиятига айрим саволлар пайдо бўлади.
Нишонга олинган самолётлар ҳақида
“Ўргимчак тўри” амалиёти доирасида нишонга олинган Ту-95МС ҳамда Ту-22М3 стратегик бомбардимончилари ядровий триаданинг бир қисми ҳисобланади. Улардан биринчиси қарийб 60 миллион, иккинчиси эса 100 миллион АҚШ долларига баҳоланади.

Бироқ гап самолётларнинг нархида эмас, балки Россияда уларнинг ўрнини эгаллаш учун актив йўқлигида. Боиси уларни ишлаб чиқариш аллақачон тўхтатилган. Замонавий рус ҳарбий саноати эса бундай мураккаб технологияни ишлаб чиқаришга ортиқ қодир эмас.
Изоҳ (0)