Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистон фискал ва монетар сиёсати бўйича таҳлил ва тавсияларини эълон қилганди. Иқтисодчи Юлий Юсупов ушбу тавсиялар юзасидан фикрларини баён этди.

Таъкидланишича, ХВЖ Ўзбекистон ҳукуматига солиқ тушумларининг ЯИМга нисбатан 2020 йилдан буён 2 фоиз пунктга пасайганини қоплаш ва солиқ тизимини адолатлироқ қилиш мақсадида бюджет даромадларини ошириш бўйича стратегия ишлаб чиқишни тавсия этмоқда. Бунинг учун қуйидагилар таклиф қилинмоқда:
алкоголь, қазилма ёқилғи, транспорт воситалари ва шакарга махсус акцизлар ставкаларини ошириш;
инвестициявий имтиёзларни қисқартириш, уларни узайтиришдан ёки янгиларини жорий этишдан воз кечиш;
самарасиз божхона имтиёзларини бекор қилиш ва янги имтиёзларни жорий этмаслик;
жисмоний шахслар даромад солиғининг жорий бир хил ставкаси ўрнига прогрессив шкала жорий этиш.
“Индивидуал ва соҳавий имтиёзлар, бозор механизмларини бузиб, рақобатга тўсқинлик қилади ва коррупция учун муҳит яратади. Шу боис уларни бекор қилиш зарурлиги бўйича тўлиқ қўшиламан.
Бироқ бюджет даромадлари гўёки камайгани учун уларни ошириш керак, деган фикр эса шубҳали. Осиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, бундай пасайиш бўлмаган: 2020 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари ЯИМнинг 26,9 фоизини ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 30,5 фоизга етган.
Масала шундаки, давлат харажатлари бундан ҳам тезроқ ўсган — 29,1 фоиздан 35,5 фоизгача”, деб ёзган иқтисодчи.
Қайд этилишича, ҳақиқатан ҳам бюджет даромадлари ўсиши давлат харажатлари ўсишидан ортда қолмоқда. Бу бюджет танқислиги ва давлат қарзининг ортишига олиб келмоқда.
“Аммо бу ҳолат солиқ юкини янада ошириш кераклигини англатадими? Ёки, аксинча, давлат харажатларини қисқартириш керакми?”, дея савол қўймоқда Юлий Юсупов.
Иқтисодчи Халқаро валюта жамғармаси мантиғига кўра, бюджет мувозанатини сақлаш учун солиқ юкини ошириш кераклигини ёзмоқда. Бу, албатта, макроиқтисодий назария нуқтайи назаридан тушунарли — у ривожланган бозор иқтисодиёти шароитига мослаштирилган: катта давлат харажатлари бўлса, уларни юқори солиқлар билан қоплаш керак; акс ҳолда, иқтисодий барқарорликка таҳдид юзага келади.
“Аммо Ўзбекистон ҳали на ривожланган, на тўлиқ бозор иқтисодиётига эга.
Биринчидан, Ўзбекистон камбағал мамлакат — жон бошига ЯИМ атиги 3000 доллар атрофида. Жаҳон тажрибасидан маълумки, мамлакат қанча камбағал бўлса, бюджет ва солиқ юки ҳам шунча кам бўлиши керак. Агар албатта, у ривожланган давлатларга етиб олмоқчи бўлса. Чунки давлат харажатларининг юқори улуши ишбилармонлик харажатларини кўпайтириб, бизнес рақобатбардошлигини пасайтиради.
Ўзбекистонда давлат харажатлари ЯИМга нисбатан 40 фоиздан ошиб кетган — бу эса ҳатто Ғарбий Европадаги кўрсаткичларга тенг. Жаҳон банкининг баҳолашича, квазифискал харажатлар ҳисобга олинганда, бу улуш янада юқорироқ. Осиёнинг ривожланган мамлакатларида эса бу кўрсаткич 1,5–2 баробар паст. Камбағал, лекин тез ўсувчи давлатларда ҳам шундай.
Иккинчидан, Ўзбекистонда иқтисодиёт ҳали ҳам нотекис ва бюрократик тарзда бошқарилмоқда. Қарорларни бозор эмас, мансабдорлар қабул қилади. Улар катта давлат харажатлари, имтиёзлар, божлар ва лготали кредитлар орқали иқтисодиётни бошқаришда давом этмоқда.
Бундай шароитда мансабдорлар доимо кўпроқ маблағ талаб қилади. Агар уларнинг фаолияти устидан самарали жамоатчилик назорати ва тизимли чекловлар бўлмаса, бу хоҳиш тўхтовсиз харажатларга, натижада эса ортиб бораётган солиқ ва қарз юкига олиб келади”, деб ёзади Юлий Юсупов.
Иқтисодчи Ўзбекистонга иқтисодий ўсишни жадаллаштириш учун зарур бўлган жиҳатларни келтирган:
давлат харажатларини (айниқса, иқтисодиётга доирларини) 1,5–2 баробар қисқартириш,
давлатнинг мулкчиликдаги улушини кескин камайтириш,
солиқ ва қарз юкини тушириш, бизнес харажатларини камайтириш ва маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш,
бож ва нотариф тўсиқларни қисқартириш, шахсий ва соҳавий имтиёзларни бекор қилиш — рақобат муҳитини яхшилаш ва коррупция манбаларини йўқотиш учун.
“Энг муҳими — давлатнинг иқтисодиётдаги функцияларини қайта кўриб чиқиш ва тубдан ўзгартириш керак. Давлат хизматчилари бизнесга аралашмаслиги, бозор механизмлари ва рақобат муҳитига аралашиб, уни бузмаслиги шарт. Аммо, афсуски, ҳозирча айнан шу иш билан шуғулланишяпти.
Шундай ҳолда, ХВЖ нима тавсия қилмоқда? Албатта — солиқ юкини янада оширишни!
Бу — умумий макроиқтисодий қоидаларни мамлакатнинг реал шароити ва институционал хусусиятларини инобатга олмасдан, механик тарзда қўллашнинг кўриниши. Натижада эса ҳайратда қолдирадиган тавсиялар пайдо бўлади”, деб ёзган у.
Изоҳ (0)