Қозоғистон қуролли кучлари хизмат ёзишмалари учун миллий Aitu мессенжерига ўтишни бошлади. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Ҳарбийлар илгари маълумот алмашиш учун WhatsApp ва Telegram ишлатган, бироқ бу хавфсизликка потенциал таҳдид солган. Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Қозоғистон юрисдикциясида фаолият юритадиган ва ахборотни сақлаш ҳамда қайта ишлаш талабларига жавоб берадиган Aitu мессенжери армиянинг ички алоқалари устидан тўлиқ назоратни таъминлайди.
Қуролли кучлар 2025 йил охиригача босқичма-босқич маҳаллий мессенжерга тўлиқ ўтади. Мудофаа вазирининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари Дархон Ахмедиев бу қарорни шундай изоҳлади:
Миллий IT-маҳсулотлардан фойдаланиш — рақамли маконда суверенитетни сақлашга қаратилган умумжаҳон тенденцияси. Aituъга ўтиш маълумотларнинг сизиб чиқишига йўл қўймайди ва хизмат тоифасига кирувчи ахборотларни тегишли даражада ҳимоя қилади.
Aitu — 2018 йилда ишга туширилган Қозоғистон рақамли платформаси. У мессенжер, ижтимоий тармоқ ва тўлов хизмати функцияларини ўзида мужассамлаштирган. Хабарлар ва қўнғироқлар алмашиш, гуруҳлар ва каналлар яратиш, мини-иловалардан фойдаланиш, пул ўтказмалари амалга ошириш, хизматлар ва солиқларни тўлаш, шунингдек, давлат хизматларига кириш хизматларини тақдим этади.
Изоҳ (0)