АҚШ ҳарбийлари Суриянинг Ҳалаб вилоятида махсус амалиёт ўтказиб, ИШИДнинг юқори мартабали раҳбарларидан бири Дҳия Зауба Муслиҳ ал-Ҳарданини йўқ қилди. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Х (собиқ Twitter) саҳифасида маълум қилди.

Маълумотларга кўра, ал-Боб шаҳрида ўтказилган рейд чоғида ал-Ҳарданининг икки фарзанди Абдаллаҳ Дҳия ал-Ҳардани ва Абд ал-Раҳмон Дҳия Зауба ал-Ҳардани ҳам ўлдирилган.
“Бу ИШИД аъзолари АҚШ ва коалиция кучлари, шунингдек, Суриянинг янги ҳукумати учун хавф туғдираётган эди. Операция вақтида улар билан бирга бўлган уч аёл ва уч бола зарар кўрмади”, дейилади CENTCOM баёнотида.
CENTCOM қўмондони генерал Майкл Эрик Курилла ИШИД жангариларига қарши кураш давом этишини таъкидлади.
“ИШИД террорчилари учун ҳеч бир жой хавфсиз эмас — на улар ухлайдиган, на фаолият юритадиган, на яширинадиган”, деди у.
АҚШ Марказий қўмондонлиги ал-Ҳарданини террорчилик ташкилотининг йирик раҳбари сифатида таърифлади. Бироқ унинг аниқ лавозими ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот бермади.
Изоҳ (0)