Эрон расмийлари аҳолини сув истеъмолини чеклашга чақирмоқда. Сабаби жазирама туфайли мамлакатда сув танқислиги муаммоси кескинлашган. Бу ҳақда Arab News хабар берди.

Сув танқислиги Эронда, айниқса мамлакат жанубидаги қурғоқчил вилоятларда асосий муаммо саналади. Миллий метеорология хизмати 19 июль куни Эронда тарихда ҳали қайд этилмаган жазирама бўлаётганини, баъзи жойларда ҳарорат 50 даражадан ошганини маълум қилган. Шу сабаб мавжуд муаммо иссиқ об-ҳаво шароитида янада кескинлашган.
“Аҳоли сув босими пасайиб кетмаслиги учун уни тежаши лозим”, деди Теҳрон шаҳар кенгаши раиси Меҳди Чамран.
Мамлакат сув хўжалиги ташкилоти эса танқисликни камайтириш учун сувдан фойдаланишни “камида 20 фоизга” камайтиришга чақирган.
Жаван газетасининг хабар қилишича, ҳукумат 19 июль куни танқисликни камайтириш мақсадида пойтахтнинг баъзи қисмларида сув босимини пасайтирган. Натижада баъзи ҳудудларда сув таъминоти 12-18 соатгача узиб қўйилган.
Эронда сув танқислиги иқлимнинг юқори ўзгарувчанлиги, сувнинг нотекис тақсимланиши, мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш ва иқтисодий ривожланишга устуворлик бериш билан боғлиқ. 2002 йилдан 2017 йилгача бутун мамлакат бўйлаб ер ости сувлари йилига тахминан 3,8 миллиметрга камайган.
Изоҳ (0)