Непалнинг шимолий қисмида юз берган кучли сув тошқини мамлакатни Хитой билан боғловчи Митери кўпригини вайрон қилди. Бу ҳақда Тhe Kathmandu Post газетаси хабар бермоқда.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, Расугадхи чегара пости ҳудудида юз берган фожиа оқибатида 18 киши бедарак йўқолган. Уларнинг орасида уч нафар полициячи, тўққиз нафар маҳаллий аҳоли ва олти нафар Хитой фуқароси бор.
Маълум қилинишича, дарёнинг юқори оқимида — Хитой томонида ёғган кучли ёмғир дарёнинг тошишига олиб келган, бу эса Расува божхонаси ҳовлисига зарар етказган. Тўққизта юк ортилган контейнер сув тошқини оқибатида оқиб кетган.

Расмийларнинг айтишича, божхона ҳудудида қолиб кетган баъзи одамлар қутқарилган, бироқ ҳар томондан кучли сув тошқини давом этаётгани сабабли қутқарув ишлари янада қийинлашмоқда.
Сув тошқини Тимуре туманидаги электромобиллар учун зарядлаш станцияси ва “Расугадхи” гидроэлектр станцияси тўғонига ҳам зарар етган. Воқеа жойига олиб борувчи Пасанг-Лхаму шоҳкўчасининг бир қисми ҳам шикастланган, бу эса қутқарув техникасини етказишни қийинлаштирмоқда.

Расмийлар сув сатҳи кўтарилишда давом этаётгани боис аҳолидан ҳушёрликни сақлаб туришни сўрамоқда.
Бундан аввал Непалда сўнгги бир ой ичида муссон ёмғирлари билан боғлиқ ҳодисаларда 30 дан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмди, 150 киши жароҳатлангани маълум қилинганди.
АҚШнинг Техас штатида 4 июль куни бошланган сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганларнинг сони 100 нафардан ошгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)