Антибиотикларга чидамли бактериялар, яъни супербактериялар 2050 йилга келиб миллионлаб одамлар ўлимига сабаб бўлиши ва глобал иқтисодиётга йилига 2 триллион долларга яқин зарар етказиши мумкин. Бу ҳақда Британия тадқиқотига таяниб The Guardian хабар берди.

Агар глобал чоралар кўрилмаса, антимикроб резистентликнинг (АМР — микробларнинг дориларга чидамли бўлиши) ортиши яқин 25 йил ичида глобал ялпи ички маҳсулотдан ҳар йили 1,7 триллион доллар йўқотишга олиб келади. Бундан АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи энг кўп зарар кўриши мумкин. Ушбу давлатлар хориждаги соғлиқни сақлаш ва ёрдам дастурларига маблағ ажратишни кескин камайтирган.
Масалан, Британия ҳукумати кам ва ўртача даромадли мамлакатларда АМРга қарши курашувчи Флеминг жамғармасига ажратилаётган маблағни тўхтатишини эълон қилди. АҚШ эса ташқи ёрдам бюджетини 9 миллиард долларга қисқартирган. Европадаги бир нечта давлатлар ҳам ўзининг халқаро ёрдам харажатларини камайтирган.
Глобал тараққиёт маркази эксперти ва тадқиқот муаллифи Энтони МакДоннелл фикрича, агар ёрдам қисқаришда давом этса, антибиотикларга чидамли инфекциялар даражаси ошиб кетади.
Ҳатто АМРни ҳозирча назорат остида ушлаб турган мамлакатлар ҳам бепарво бўлмаслиги керак. Агар ушбу дастурлар молиявий ҳимоясиз қолса, бутун дунё бўйлаб микробларга қаршилик энг ёмон кўрсаткичларга етади. Бу G7 давлатларида ҳам миллионлаб одамларнинг ҳаётига хавф туғдиради. Ҳозир бактериал инфекцияларга қарши сармоя киритиш орқали миллионлаб ҳаётларни сақлаб қолиш мумкин. Бу эса узоқ муддатли иқтисодий фойдалар келтиради, деди у.

122 та мамлакатни қамраб олган тадқиқот антибиотикларга чидамлиликнинг иқтисодий ва соғлиқ учун оқибатларини таҳлил қилган. Энг ёмон сценарийга кўра, 2050 йилга келиб йиллик ЯИМ йўқотишлари қуйидагича бўлиши мумкин:
- Хитой — 722 миллиард доллар;
- АҚШ — 295,7 миллиард доллар;
- Европа Иттифоқи — 187 миллиард доллар;
- Япония — 65,7 миллиард доллар;
- Буюк Британия — 58,6 миллиард доллар.
Прогнозларга кўра, АМР туфайли ўлим ҳолатлари 2050 йилгача 60 фоизга ошади. Биргина АҚШда ҳар йили 1,34 миллион, Британияда эса 184 минг киши супербактериялар сабаб вафот этиши кутилмоқда. Дори-дармонлар таъсир қилмайдиган бактериялар сабаб оғир касалликлар сони ҳам кескин ортади.
Тадқиқот шуни кўрсатадики, чидамли бактериялар ишчи кучи даражасини Буюк Британияда 0,8, Европа Иттифоқида 0,6 ва АҚШда 0,4 фоизга камайтиради.
Шунга қарамай, ҳукуматлар супербактерияларга қарши курашга сармоя киритишни кучайтирса, АҚШ иқтисодиёти ҳар йили 156,2 миллиард доллар, Буюк Британия эса 2050 йилга бориб 12 миллиард доллар (9,3 миллиард фунт стерлинг) иқтисодий ўсишга эришиши мумкин.
Изоҳ (0)