Тошкентда фуқарога ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш учун пул олган ППХ инспектори қамоққа олинди.

ДХХ матбуот хизматининг маълум қилишича, Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг Патрул-пост хизмати инспектори хизмат мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда ўзганинг ишончига кириб, унинг Навоий вилоятида яшовчи, 1995 йилда туғилган танишини давлат имтиҳонидан муваффақиятли ўтказиб, унга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришини айтган.
ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида Юнусобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда инспектор 1 500 АҚШ доллари ва кириш имтиҳони учун тўланиши лозим бўлган 1 миллион 900 минг сўм пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қонунчиликка кўра, фирибгарлик жинояти учун БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади. Пора бериш эса БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан аввал Тошкентда фуқарога берилган қамоқ эҳтиёт чорасини гаров эҳтиёт чорасига ўзгартириб беришни ваъда қилиб, айбланувчининг қариндошидан 18 минг доллар олган Миробод тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бўлинма бошлиғи қамоққа олинганди.
Изоҳ (0)