Илгари 40 ёшдан кейин фарзанд кўриш ноодатий ҳодиса сифатида қабул қилинар эди. Бугун эса бундай хабарлар ҳеч кимни ҳайратга солмайди, аксинча, миллионлаб бефарзанд инсонларга умид бахш этади. Қуйида кечроқ бўлса ҳам, ота-оналик мақомига эришган машҳурлар ҳақида маълумот берамиз.
Наоми Кемпбелл: 53 ёшида иккинчи марта она бўлган

2023 йил июнда Наоми Кемпбелл “Беқиёс неъмат!” деган ёзув билан болакайнинг қўлчаси кўринган постини эълон қилганида, ушбу янгилик бутун дунёда катта шов-шувга сабаб бўлди. 90 йилларнинг энг яхши супермодели 53 ёшида иккинчи бор она бўлди. Ҳар доим эътибор марказида бўлган Кемпбелл 2021 йилда биринчи марта она бўлганида ҳам бу ҳолатни сўнгги пайтгача сир сақлаган ва шунчаки: “Она бўлиш учун ҳеч қачон кеч эмас”, деган эди. У вақтда модел 50 ёшда бўлган.
Ижтимоий тармоқларда моделнинг болаларни ўзи дунёга келтирганми ёки суррогат оналик ёрдамида ота-она бўлганми, деган саволлар кўп бўлди. Аммо Наоми бу хабарларга ҳеч қандай изоҳ бермади.
Ҳилари Свонк: 48 ёшида эгизак фарзандли бўлган

Икки карра “Оскар” совриндори Ҳилари Свонк уозқ йиллар давомида оналик туйғусини ҳис қилишни орзу қилган. Ниҳоят, 48 ёшида у эгизак — ўғил ва қиз фарзандли бўлган.
Свонк ҳомиладорликни оммадан яширмаган, аммо суратга олиш майдончасида унинг ҳамкасблари бу қорнининг ҳақиқий эканига ишонмай, уни грим деб ўйлашган. Актриса интервьюларидан бирида:
“Ҳаётда ҳамма нарса ўз вақтида содир бўлади. Болаларим айнан керакли пайтда туғилди”, деб айтган.
Холли Берри: 47 ёшида ўғил кўрган

Актриса Холли Берри 47 ёшида иккинчи марта ҳомиладор эканини билгач, қаттиқ ҳаяжонланган:
“Аввалига жуда қўрқиб кетдим! Бу рост бўлиши мумкин эмас деб ўйладим. Кейин эса яна бир оналик тажрибаси менга улкан бахт олиб келди, бу тақдир туҳфаси эди”, деган у интервьюларда.
Актрисанинг бир нафар қизи ҳам бор.
Жорж Клуни: 56 ёшида биринчи марта ота бўлган

Актёр Жорж Клуни йиллар давомида “абадий бўйдоқ” сифатида танилган. У ҳатто ўзи ҳам фарзандли бўлиш нияти йўқлигини билдирган. Шунинг учун 56 ёшида унинг ва турмуш ўртоғи, ҳуқуқшунос Амаля Клунининг эгизак фарзандли бўлгани ҳақидаги хабар оммавий ахборот воситаларида катта шов-шувга сабаб бўлган. Унинг рафиқаси ўша пайтда 39 ёшда бўлган.
Жорж кейинроқ эътироф этганидек, бу ҳодиса унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган: “Мен энди бутунлай бошқа одамга айландим”, деган актёр.
Жанет Жексон — 50 ёшида она бўлган

Хонанда ва раққоса Жанет Жексон йиллар давомида карьерасини биринчи ўринга қўйган ва буни ҳеч қачон яширмаган. 50 ёшга кирган Жексон ҳомиладорлигини эълон қилганда, шоу-бизнес олами бу янгиликни ҳайрат ва қувонч билан кутиб олган:
“Бу қарор руҳий тайёрлигимга боғлиқ эди. Ҳаммаси ўз вақтида рўй берганидан бахтлиман”, деган у.
Изоҳ (0)