Хонанда Шоҳруххон Йўлдошев ўзбек шоу-бизнесининг ёқимтой хонандаси дея таърифланади. Хонанданинг деярли барча қўшиқлари ҳит даражасига чиқади, ноодатий имижи эса доим мухлисларга манзур келади. Ижодкорлар оиласида улғайган Шоҳруххон Йўлдошев бу йил 40 ёшни қаршилади.
Шоҳруххоннинг санъатга илк қадамларида Фаррух Зокиров фотиҳа берган
Шоҳруххон болалигида устоз санъаткор Фаррух Зокировнинг дуосини олган. Бу ҳақида хонанданинг отаси Алишер Йўлдошев шундай хотирлайди:

— Шоҳрух кўпинча бизнинг олдимизда, гастролда юрар эди. Уни Зебо билан бирга гастролга олиб борардик, унинг ҳам қизиқиши шундан бошланган бўлса керак. Ашулалар айтарди, уйимизнинг олдида Фаррух Зокиров турар эди, бориб ундан фотиҳа олган. Ҳали мактабга бормасди, телевизорларда кўриб устоз, менга фотиҳа беринг, деб борган. Ўша пайтда Фаррух Зокиров Шоҳрухга фотиҳа берган.
Шоҳруххон уч ёшлигида илк бор саҳнага чиққан

Отаси Алишер Йўлдошев диплом ҳимояси учун спектакл намойиш қилишга келганида Шоҳрухни ҳам имтиҳонга олиб келган. Спектакл давомида, кутилмаганда, Шоҳрух саҳнага чиқиб, отасининг рўпарасида туриб олган. Курсдошлари болани назорат қилмоқчи бўлган бўлса-да, у саҳнадан тушмаган. Отаси эса ролдан чалғимай, саҳна асарини давом эттирган.
Спектакл якунида профессор Муҳаммаджон Раҳмонов Шоҳруххоннинг саҳнадаги иштирокини алоҳида таъкидлаб, “Саҳнадаги биргина одам ролини қойилмақом қилиб ўйнади, сизларнинг ҳеч бирингиз ундан ортиқ рол ижро эта олмадингиз,” дея таъриф берган. Бу Шоҳруххоннинг саҳнага илк қадам қўйган куни бўлган.
“Уйда нон бўлмаган пайтлари ўғилларимни ёлғондан жазолаганман” — Зебо Наврўзова
Шоҳруххон ва укаси Шуҳрат болалик пайтларида ота-онаси ажрашган. Зебо Наврўзова фарзандларига ҳам ота, ҳам оналик қилган. Режиссёр қийин кунларини катта ва ўртанча ўғли кўрганини айтиб, ҳаётида оғир молиявий кунлар бўлганини яширмайди. Зебо ёш она бўлган даврларида уйда ейишга нон топилмаган ҳолатларни эслаб, фарзандларига буни билдирмаслик учун ёлғон жазолар ўйлаб топган.

Зебо Наврўзова ишдан чарчаб уйга келганида музлаткич бўш бўлган ҳолатлар кўп бўлган. “Фарзандларимдан бири ўсмир, бошқаси ҳали жуда кичик эди. Баъзан пул тополмай, қотган нонни қуритиб, ‘сухарик’ қилиб берганман. Ўша пайт ичимдан йиғлаганман”, дейди актриса. У болаларига “Пианино чалиб бермадинг, шеърни ёд олмадинг, гаммани етарлича чалганинг йўқ”, каби баҳоналар билан овқат тайёрламаганини айтиб, уларни ёлғондан жазолаган. Санъаткор бу ҳолатларни уялиб ёки фахрланиб эмас, ҳаётда бундай синовлар бўлишини очиқ тан олиб айтади.
Шоҳруххонга омад олиб келган қўшиқ
Шоҳруххон энди танилаётган вақтлари метрода одамлар таниб қола бошлагач, олийгоҳга пиёда борганини эслайди.

— Менга омад олиб келган қўшиқ “Армон” номли қўшиғим бўлган. Клипида қўғирчоқ образида чиққанман. Ўша пайтлар метрода юрардим. “Ғафур Ғулом”дан “Космонавтлар”гача метрода бориб, ўқишга кириб кетардим. Бир кун метрога тушсам ҳамма менга қарашни бошлади. Аввалига шунчаки қарашди, кейин ёнимга келиб гапиришди. Шундан кейин эртароқ уйғониб, ўқишга ҳам пиёда борадиган бўлдим. Чунки таксига пул бўлмасди, бўлса ҳам ё боришга, ё қайтишга етарди. Ёки иккисидан ҳам кечиб тушлик учун бўларди. Хуллас биттасини танлаш керак эди. Шунинг учун ўқишга пиёда қатнаган вақтларим ҳам бўлган. Кейинчалик яқинларимнинг ёрдами, ўзимнинг меҳнатим билан машина ҳам олдим, дейди у.
“Кавер қўшиқларимга яхши муносабатда бўлишган”
Шоҳруххон устоз санъаткорларнинг қўшиқларини кавер шаклида куйлаб ҳам анчайин мухлис орттирган. У кўпинча Муҳриддин Холиқовнинг рэпертуарига мурожаат қилади.

— Устозларнинг қўшиғини қайта куйлаб, янада кўпроқ тингловчига етказсак, бу яхши деб ҳисоблайман. Уларни қўшиғини кўпроқ куйлаш керак, куйлайман ҳам. Муҳриддин Холиқовнинг қўшиқларини ҳавас билан ижро этдим. Одамларга ёқди, аммо ўзларидек айтолмадим деб ўйлайман. Мақтовлар, раҳматлар бўлди. Танқид эса биринчи каверим “Комила қиз”да бўлган, қолганларида эса деярли бўлмади. Муҳриддин Холиқовнинг оила аъзолари ҳам яхши муносабатда бўлди. Қўшиқни яхши куйласангиз бўлди, дейишган эди.
“Ўғлим билан бир қизни кўз остимизга олиб қўйганмиз” — Зебо Наврўзова
Шоҳруххон клипларининг бирида актриса Асал Шодиева билан ҳамкорлик қилганидан сўнг, улар орасида турли миш-мишлар тарқала бошлади. Ўша пайтларда киноижодкорларнинг кўпчилиги ёзги оромгоҳда тўпланган. Айнан шу кунларда Шоҳруххоннинг онаси Асал Шодиевани яқиндан таниб, келинликка лойиқ деб баҳолаган. Бу ҳақида Зебо Наврўзованинг ўзи сўзлаб берган.

— Асал билан биринчи марта ёзги оромгоҳда яқиндан танишганман. Илгари муносабатимиз салом-аликдан нарига ўтмаган. Хуллас, ўша тадбирда, ҳамма ўзи билан овора, мен эса келганлар орасидан келин излашни бошлаганман. Шу пайти Асалга кўзим тушди. Худо ўзи кўнглимга солганми билмайман, нима қилмай шу қизга қарайверганман-да. Кейин ўзимча, ойдайгина қиз экан, одамлар бекорга гапирмас экан, Асални келин қилиб қўя қолсам бўларкан, деб ўйлаб қўйганман. Энг қизиғи, ўша тадбирда қайноналардек унинг нима иш билан бандлиги, нималарга қизиққанини пойлаганман. Кечки пайт ҳамма гуруҳ-гуруҳ бўлиб йиғилиб, куй-қўшиқ айтиш билан банд бўлса, у хонасига кириб китоб ўқирди. Бир зум бўш вақтини беҳуда сарфламаслиги эътиборимни тортди. Ана ўшандан кейин унга бўлган меҳрим яна ҳам ошган. Эртасига ўғлимга қўнғироқ қилиб, “Мен сенга зўр қиз топдим” деганман. У эса “Ойи, ўша ерда ҳам тинч юрманг. Атрофингизда фақат артистлар-ку, ким экан сиз топган қиз” деб сўради. Мен эса “Ҳа, шу артистларнинг ичидан топдим-да. Асал Шодиева” дедим. У тўсатдан “Вой” деди. Ўша бир сўзнинг оҳангиданоқ ўғлим аллақачон Асалга кўнгил қўйганини сезгандим. Мен бу ерда жон куйдириб келин изласам-у, у ҳамма ишни пишитиб қўйган экан. Шундай қилиб, бир вақтнинг ўзида иккимиз ҳам бир номзодни кўз остимизга олиб қўйганмиз (кулади). Шундай қилиб, бир куни қўнғироқ қилиб, “Ойи, тайёрланиб туринг, меҳмонга борасиз” дея совчиликка юборди. Энг қизиғи эса, менинг ўзим ҳам тўйга ўн кун қолганда белгиланган санани эшитганман. Концертга тайёрланиш жараёнида ҳаммамиз елиб-югуриб юрибмиз. Концерт ҳам келди. Парда очилишига 15 дақиқа қолганда “Она 5 июнь — тўй, тайёрланаверинг” деса бўладими? Энди менинг аҳволимни тасаввур қилаверинг. Сарпо-суруқ, дегандек тўйнинг ўзига яраша ташвишлари, югур-югурлари бор. Қандай улгураман деб роса ваҳима босган. Аммо ҳаммаси жуда чиройли ўтган, дейди Зебо Наврўзова.
“Асалга атаб қўшиқ куйладим”

— Ҳаммасини ўз вақтида қилишга ҳаракат қиламан. Яхши кўришни ҳам, чекловни ҳам, роҳатни ҳам. Эркинлик эса биринчи ўринда. Лекин кўнглим бўш. Асал нимагадир кўндириб қўйса, кейинроқ ўйлаб кўрсам бўларкан дейман. Аммо мен билан яшаш қизиқарли бўлса керак деб ўйлайман. Аёлга ҳар куни ва кўп-кўп муҳаббат изҳор қилиб туриш керак. Шунда оилада илиқлик бўлади. Масалан, турмуш ўртоғимга аталган қўшиғим ҳам бор — Муҳаммадюсуф дунёга келишидан олдин айтилган “Илк севгим” қўшиғи.

Аёл киши зерикканидан ҳам жанжал қилиши мумкин. Лекин аслида бу ҳам муҳаббатнинг кўриниши. Асал ижодкор сифатида менга мухлисми ёки йўқ билмайман. Лекин мен Асалнинг мухлиси эмасман, унинг ошиғиман. Бошида, таниш бўлмаган маҳалларимиз биримизни ёқтирмаганмиз. Мен уни кўриб “Шу Асал Шодиевами? Кинодагидек эмас экан”, деганман. У ҳам мени кўриб “Вой, бу бўлмайди, бу одамнинг нимасини яхши кўрасизлар”, деган экан.
“Ота бўлиб ота-онамнинг қадрини билдим”
Шоҳруххон ҳозирги кунда икки ўғилнинг отаси. Унинг Муҳаммадюсуф ва Бахтиёр исмли фарзандлари бор.

— Ота бўлганимдан кейин ота-онамнинг қадри бошқача бўлди. Уларни фарзандли бўлиб тушундим. Ҳаётимда етмай турган бахтни ота бўлиб ҳис қилдим. Аввал нимадир етишмас эди, ҳозир эса ҳаммаси яхши. Мен яхши турмуш ўртоқман. Мендан зўри йўқ, дейди Шоҳруххон ҳазил билан.
“Онамнинг орзулари рўёбини кўряпмиз”

— Она ва фарзанд қилган орзуларимиз анча ортиғи билан ушалди. Эсимда, чамаси тўрт ёшда эдим. Онам қўлимдан ушлаб, рўпаларига ўтказиб, “Сен келажакда зўр қўшиқчи бўлишингни хоҳлайман”, дедилар. Ўша ҳолат эсимда қолиб кетган. 14 ёшимгача қўшиқ айтиш ёки айтмаслигимни билмай юрганман. Мана ҳозир эса бир нечта концертлар бердик. Қўшиқларимиз мухлисларга манзур бўлди, орзуларимизга эришдик, дейди Шоҳруххон орзулари ҳақида гапирар экан.
Изоҳ (0)