Хонанда Ботир Қодиров муаллифлик ҳуқуқини бузганлиги учун шоир Шамсиддин Садоийга жами 132 миллион сўм миқдорида товон пули ва маънавий зарар тўлайди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram каналида маълум қилинди.

Жорий йилнинг июнь ойида шоир Шамсиддин Тўраев томонидан фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, яъни муаллифлик ҳуқуқи бузилиши натижасида етказилган маънавий зарар ва товон пули (компенсация) ундириш тўғрисидаги даъво аризаси киритилган.
Мазкур даъво аризаси бўйича фуқаролик иши кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан жавобгар Ботир Қодировдан даъвогар Шамсиддин Тўраев фойдасига БҲМнинг 300 баробари яъни 112 миллион 500 минг сўм миқдорида товон пули ҳамда 20 миллион сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди.
Шунингдек, жавобгар Ботир Қодиров зиммасига даъвогар Шамсиддин Тўраевга муаллифлигидаги “Давлатинг борида”, “Омонат” ва “Тингла дўстим” номли қўшиқлар ижросини эфирга узатиш, барча ижтимоий тармоқларга жойлаштириш, Ўзбекистондаги барча давлат ва нодавлат телерадиоканалларда, ижтимоий тармоқлар ва бошқа платформаларда ҳар қандай тарзда фойдаланишни дарҳол тўхтатиш (қатъий тақиқлаш) мажбурияти юклатилди.
Маълумот учун, қонунчиликка мувофиқ муаллиф ҳуқуқбузардан зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилишга ҳақли ҳисобланади, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)