Хонанда Ботир Қодиров отаси Шерали Жўраевнинг “Бандаман” қўшиғини қайта куйлаб, уни YouTube тармоғига жойлаштирган эди. Қўшиқ бир неча соат ичида платформада муаллифлик ҳуқуқи бузилганлик важи билан блокланган.
Ботир Қодиров: “Энди мерос ҳуқуқимдан фойдаланаман”
Янги йилнинг илк кунида Ботир Қодиров отаси Шерали Жўраевнинг “Бандаман” қўшиғини куйлаган видеоси YouTube’га жойлаштирилганди. Хонанда кеча Instagram саҳифасида маълум қилишича, ака-ука Жўраевлар томонидан Ботир Қодиров ижросидаги “Бандаман” қўшиғи видеоси муаллифлик ҳуқуқини бузганлик шикояти билан YouTube платформасидан блок қилинган.
Ботир Қодиров бу ҳолатдан аччиқланиб, Жўраевларга ўз ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда “жавоб қайтармоқчи”. Бу ҳақида хонанда Instagram саҳифасида шундай ёзди:
“Жўраевлардан навбатдаги блок. Энди мени блок қилдингларми? Яхши, унда мен ҳам сизларни блок қиламан, бунга менинг ҳам ҳаққим бор! YouTube’даги кўп сонли, тўхтовсиз давом этаётган блоклар сабабли энди мерос ҳуқуқларимдан фойдаланишга мажбур бўламан”.
“Овоз болалар” ортидаги можаро
Ботир Қодиров ўзи устозлик қилаётган “Овоз болалар” лойиҳасидаги иштирокчиларга Шерали Жўраевнинг “Бандаман” ва “Атиргулим” қўшиқларини ўргатиб, уларга марҳум санъаткорнинг қўшиғини айтиш ҳуқуқини берганди. Бу ҳолат минглаб мухлислар томонидан илиқ кутиб олинганига қарамай, ака-ука Жўраевлар “Овоз болалар” лойиҳаси томонидан YouTube’га юкланган ёш болаларнинг видеосини ҳам блоклагани ҳақида Ботир Қодиров маълум қилди.
“Менга шунча йил тақиқ қўйдинглар, индамадим. Болаларда нима айб? Мен истаган одамимга отамнинг қўшиғини бир марта айтиш ҳуқуқини бера оламан. YouTube’да блоклаган видеоларни блокдан чиқариб қўйинг, менинг йўлимда турманг”, дея агар шу ҳолатга барҳам берилмаса, ўзи ҳам меросхўрлик ҳуқуқларидан фойдаланишини айтган.
Ботир Қодировнинг сўзларига кўра, у ҳали Шерали Жўраевнинг моддий ва маънавий меросидан ўз улушини олмаган.
Изоҳ (0)