Июнь ойи тугаб, ёзнинг жазирама июли ҳам бошланди. Жанубий Корея кинемотографиясида бу ойда қандай янги фильмлар премера қилиниши ҳақида маълумот берамиз.
“Чхондам халқаро лицейи 2”
Премьера: 3 июль
Биринчи мавсумда нуфузли Чхондам лицейига келган ва Пек Же На билан зиддиятга борган Ким Хе Ин қийноқларга дош бериб, ўз танловини амалга оширди. Янги мавсумда собиқ душманлар яна мураккаб вазиятга тушиб қолишади, чунки ўтмишда ошкор бўлган ҳақиқат мактабдаги мавжуд тизимни издан чиқаради. Бунинг устига, Чхондам лицейига келган янги ўқувчи шундоқ ҳам чигал вазиятни янада мураккаблаштиради. Энди Хе Ин ва Же На ўз қарорларига содиқ қолишлари ёки ҳаётга бўлган қарашларини ўзгартиришлари лозим.
“Сочо тумани”
Премьера: 5 июль
Ан Жу Ҳьюн катта обрўга эга бўлган машҳур ва талабгир ҳуқуқшунос. У бу касбни бежиз танламаган. Жу Ҳьюн болалигиданоқ мантиқ ва сабаб-оқибат боғлиқлигига қизиқиб келган. Бироқ кўплаб муваффақиятли ишларга қарамай, атрофдагилар уни ҳамон совуққон ва жабрланганларга бефарқ одам деб ҳисоблашади. Ан ортиқча ташвишлардан қочиш мақсадида шахсий адвокатурасини очишни рад этади. Аммо ёш ҳуқуқшунос Канг Ҳи Жи билан танишуви унинг иш ва ҳаётга бўлган қарашларини ўзгартиришга мажбур қилади. Энди Жу Ҳьюн Ҳи Жи ва яна бир неча ҳамкасблари билан нафақат судда мураккаб ишларни олиб боради, балки иш доирасидан ташқарида ҳам дўстона муносабатлар ўрнатади.
“Болалар савдоси”
Премьера: 21 июль
Ким Се Хи — шифохона ва хайрия жамғармаси раҳбари. Атрофдагилар назарида у болаларга ғамхўрлик қиладиган олижаноб аёл, аслида эса бу хоним чин маънода ёвузликнинг ўзи. Кўп йиллар давомида у чақалоқларни бой оилаларга сотиб келган, агар болалар кейинчалик фарзандликка олганларнинг кўнглини қолдирса, уларни йўқ қилиш учун қайтариб олган. Се Хи ўз ҳаётидан мамнун, унинг ёрдамчиларидан бири — У Те Шик болаларни қутқариб, кўчаларда яшаб қолишларига ёрдам бераётганидан бехабар. Айнан шу одам Се Хи қайтаргандан кейин тирик қолган ва энди бу даҳшатли аёлдан ўч олиш режасини пишираётган қиз Ким А Хён билан танишади.
“Биз мўжиза яратамиз”
Премьера: 25 июль
Жу Га Рам регби бўйича миллий терма жамоа аъзоси бўлиб, унинг истиқболи порлоқ эди. Бироқ тақиқланган моддалар билан боғлиқ можароси туфайли у катта спорт оламини тарк этишга мажбур бўлади. У уч йил ёлғиз ўзи яшайди ва спортга қайтишга қарор қилади. Энди Га Рам маҳаллий спорт мактабида регби бўйича мураббийлик қилмоқда — унинг жамоаси лигада энг қуйи ўринни эгаллаб турибди. Бироқ жаноб Жу бу вазиятни тубдан ўзгартира олишига қатъий ишонч билдирмоқда.
“Яхши бола”
Премьера: 18 июль
Пак Сок Чхол атрофдагилар “яхши бола” деб атайдиган машҳур гангстернинг кенжа набираси. Акалари ва бошқа қариндошларидан фарқли ўлароқ, у мафия ҳаётини ёқтирмайди, бироқ ўзига юклатилган вазифаларни бажаришга мажбур. Сок Чхол тўдадан чиқиб кетишни истайди ва ўзининг биринчи севгилиси — эндигина қўшиқчилик фаолиятини бошлаган Кан Ми Ён билан оила қуришни орзу қилади. Аммо бунинг учун у сўнгги топшириқни бажариши керак.
“Жиноий элементлар”
Премьера: 16 июль
1970 йилларда Синан атрофида маҳаллий аҳоли олтин васвасасига учрайди. О Гван Сок бошчилигидаги гуруҳ чўккан кемани топиб, ундаги олтинни топишга аҳд қилади. Маҳаллий аҳоли хазина барча муаммоларини ҳал қилиб, янги ҳаёт бошлашга имкон беришига умид боғлаган эди. О Хи Дон амакиси Гван Сокка ёрдам беришга қарор қилиб, у билан бирга сафарга отланади. Бироқ олтин қидирувига қанча кўп вақт сарфланса, жамоа аъзолари орасидаги муносабатлар шунчалик таранглашиб боради ва охир-оқибат улар мураккаб танлов олдида қолади — хазинами ёки инсонийлик?
Изоҳ (0)