Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги можароларда ҳар 5 сонияда бир бола кўчирилади, жароҳатланади ёки ҳалок бўлади. Бу ҳақда UNICEF ўзининг сўнгги ҳисоботида хабар берди.

Сўнгги тақдим этилган маълумотларга кўра, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасида 12 миллиондан ортиқ бола кўчишга мажбур бўлган. 40 мингдан ортиқ болалар майиб бўлган бўлса, 20 мингга яқини ҳалок бўлган.
“Минтақадаги можаролар туфайли ҳар 5 сонияда бир бола ҳалок бўлмоқда. Аллақачон минтақадаги 220 миллион боланинг ярми можаролардан азият чекаётган мамлакатларда яшайди. Биз бу рақамнинг ўсишига йўл қўя олмаймиз. Душманлик ҳаракатларини болалар учун тугатиш ихтиёрий эмас, балки шошилинч зарурат. Бу ахлоқий мажбурият ва яхши келажакка олиб борадиган ягона йўлдир”, деди UNICEF’нинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича минтақавий директори Эдуард Бегбедер.
Бугунги кунда ушбу минтақада 110 миллионга яқин бола можаролардан жабр кўрган мамлакатларда яшайди. Зўравонлик уларнинг ҳаётининг деярли барча жабҳаларини издан чиқаришда давом этмоқда. Уй-жой, мактаб, соғлиқни сақлаш муассасалари ва ҳоказолар вайрон бўлмоқда. Болалар мунтазам равишда ҳаёт учун хавфли вазиятлар ва кўчишга дучор бўлади. Бу одатда болаларга бутун умрга татигулик руҳий зарбалар беради.
UNICEF ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда минтақа бўйлаб 45 миллион бола гуманитар ёрдамга муҳтож бўлади. Бу миқдор 2020 йилда 32 миллион эди. Атиги 5 йил ичида 41 фоизга кўпайиш қайд этилмоқда.
Шу билан бирга, UNICEF ушбу минтақадаги фаолияти учун катта маблағ етишмовчилигини бошдан кечирмоқда. Мисол учун, май ойи ҳолатига кўра, Сурия 78 фоиз, Фаластин эса 68 фоиз молиялаштириш камомадига дуч келган.

Ташкилотнинг минтақадаги маблағлари 2026 йилга бориб, 20 фоиздан 25 фоизгача қисқариши кутилмоқда. Бу эса бутун минтақа бўйлаб оғир тўйиб овқатланмасликка қарши курашиш, даволаш, можаро зоналарига тоза сув етказиб бериш ва ҳалокатли касалликларга қарши эмлаш дастурларини хавф остига қўяди.
UNICEF минтақадаги барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирмоқда. У шунингдек, ҳомийларни болаларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш ёки кучайтиришга ундамоқда.
Изоҳ (0)