Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида 24 июнь куни БМТ Болалар жамғармасининг (UNICEF) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Регина Мария Кастилло билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда агентлик директори Мансурбек Оллоёров ва унинг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева иштирок этди. Учрашувда UNICEF ва агентлик ўртасидаги амалдаги ва келгуси ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди.
UNICEF агентлик ташкил этилганидан буён уни доимий қўллаб-қувватлаб келаётгани, билим, халқаро тажриба, техник ёрдам ва мутахассисларни жалб этишдаги ҳаракатлари таъкидланди. Ижтимоий хизматлар кўрсатишда кейс-менежмент тизимини жорий этиш бўйича муваффақиятли ташаббусга, шунингдек, ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг малакасини оширишга қаратилган тадбирлар кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз навбатида Регина Кастилло агентлик фаолияти ва ташкил этилганидан буён эришган натижаларини юқори баҳолади. Шунингдек, болалар учун ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар келгусида самарали ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ишонч билдирди.
Изоҳ (0)