Тошкентнинг Яшнобод туманидаги банкдан бир гуруҳ шахслар 90 минг долларни ўғирлади.

ИИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, 18 июнь куни Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи номига “Тенге банк” чакана хизматлар кўрсатиш бўлими бошлиғи ариза билан мурожаат қилган. Унда номаълум шахслар томонидан 90 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари талон-торож қилинганини билдирган.
Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида шу куннинг ўзида бир неча шахслар банк кассасига мижоз сифатида ташриф буюриб, банк картасида мавжуд 90 минг долларни нақдлаштириш мақсадида POS-терминалга ёлғон ахборот киритиш йўли билан шунча пулни олиб кетгани аниқланган.
Зудлик билан тезкор-техник тадбирлар амалга оширилиб, ушбу хатти-ҳаракатларни содир этган жиноий гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олинган.
“Банк ходимидан келишган ҳолда, банкка кириб, 90 000 АҚШ долларини программа орқали ечиб олдик”, деган ушланганлардан бири.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида 12 дона телефон аппарати, POS-терминал, 9 дона банк карталари, 1 670 000 сўм ва 36 495 доллар ашёвий далил сифатида олинган.
Жами 9 нафар шахс Жиноий-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Айни пайтда ҳолат юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
2018 йилда Тошкентда банкдан салкам 90 минг доллар ўғирлаган “хакер” қўлга олинган эди. 2022 йилда Ўзбекистонлик хакер хорижий банклардан 50 миллион доллар ўғирлаганди. 2024 йил июлида Тошкентда банкдан 370 миллиард сўм ўғирламоқчи бўлган кибержиноятчилар ушланганди.
Изоҳ (0)