Транспорт вазирлиги Афғонистондаги Саланг довони вақтинча ёпилишини билдириб, юк ташувларини амалга оширувчи ҳайдовчиларга огоҳлантириш билан чиқди.

Афғонистон томонининг маълумотига кўра, Саланг довонида навбатдаги таъмирлаш жараёни олиб борилиши натижасида довон орқали катта ҳажмли юк транспорт воситаларининг ҳаракатланиши 2025 йил 10 июндан бошлаб вақтинча тўхтатилади.
Мазкур йўналиш орқали халқаро юк ташувларини амалга оширишни режалаштирган ташувчилардан ушбу жиҳатни инобатга олишлари сўралди. Транспорт вазирлиги Покистон ва Покистон портларига юк ташувларини бошқа муқобил транспорт йўналишлари орқали амалга оширишни тавсия этди.
Саланг довони Афғонистоннинг шимолий ва жанубий қисмларини боғловчи энг муҳим автомобиль йўли бўлиб хизмат қилади. У орқали Кобул (пойтахт) ва шимолдаги шаҳарлар (Мозори Шариф, Қундуз, Шибирғон) ўзаро боғланади. Саланг туннел туфайли Ҳиндукуш тоғлари оша қатнов енгиллашган ва бутун йил давомида ҳаракат мумкин бўлган.
Ўзбекистон учун Саланг довонининг аҳамияти
1. Савдо ва транзит йўли сифатида
Саланг довони орқали ўтувчи йўл Афғонистонни Ўзбекистон билан боғловчи савдо йўли сифатида хизмат қилади. Айниқса, Термиз—Мозори Шариф—Кобул—Покистон йўналиши бўйича юклар Саланг довонидан ўтади. Бу йўл орқали юклар Покистон портларига (Карачи, Гвадар) етказилиши мумкин, бу эса Ўзбекистон учун денгизга чиқишнинг муқобил йўлидир.
2. Трансафғон транспорт лойиҳалари учун асос
Ўзбекистон Афғонистон орқали темир йўл ва автомобиль йўлларини ривожлантиришга катта қизиқиш билдирмоқда. Термиз—Мозори Шариф—Кобул—Пешовар темир йўл лойиҳаси амалга оширилса, бу йўналишда Саланг довонининг аҳамияти янада ошади. Бу лойиҳа Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё билан тўғридан-тўғри савдо қилиш имконини беради.
3. Минтақавий барқарорлик учун калит ҳудуд
Афғонистондаги вазият Ўзбекистон хавфсизлиги билан чамбарчас боғлиқ. Саланг довони орқали ўтувчи йўллар хавфсизлиги, минтақада барқарорликни сақлашда стратегик омилдир. Шунинг учун Ўзбекистон Афғонистонда тинчликни қўллаб-қувватлайди ва логистика инфратузилмасининг яхшиланишига ҳисса қўшмоқда.
Транспорт вазирлиги Ўзбекистон ва Афғонистон Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўлидан фойдаланиш бўйича шартномани узайтирганини маълум қилган эди.
Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўлидан фойдаланиш
Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрини Ўзбекистон чегараси билан боғловчи 75 километрлик темир йўл 2010 йили очилган. темир йўлни қуриш бўйича Афғонистон ҳукумати тендерида “Ўзбекистон темир йўллари” ютиб чиққан. Лойиҳа Осиё тараққиёт банкининг 165 миллион доллар ҳажмидаги гранти ҳисобидан амалга оширилган.
Уни бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини 2011 йилнинг декабридан бери “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти шўба корхонаси Согдиана транс амалга ошириб келаётган эди.
2023 йил февралида 12 февраль куни Афғонистон темир йўл бошқармаси ва “Согдиана транс” ШК ўртасида Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўлида эксплуатация ишларини давом эттириш тўғрисида янги келишув имзоланганди. Унга кўра, Согдиана транс 2 йил давомида ўз фаолиятини давом эттириши белгиланганди.
Изоҳ (0)