Президент Шавкат Мирзиёев Любляна шаҳрига ташриф доирасида Словения президенти Наташа Пирс Мусар билан биргаликда қўшма бизнес форумида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда икки мамлакатнинг 100 дан ортиқ етакчи саноат ва савдо корхоналари раҳбарлари ва вакиллари қатнашди.

Словения делегацияси “КРКА”, “Дуол”, “Эмо Фрите”, “Панвита”, “Медех”, “Тажфун Планина”, “Алтадо”, “УВC Солутионс”, “Рико” ва бошқа кўплаб компаниялардан иборат бўлди.

Давлат раҳбари ўз нутқида бугунги олий даражадаги самарали музокаралар Ўзбекистон-Словения муносабатларида, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда янги саҳифа очганини таъкидлади.

Жаҳон иқтисодиётидаги ҳозирги мураккаб даврда ўзаро савдони кўпайтириш, кооперация кўламини кенгайтириш ва миллий иқтисодиётларни диверсификация қилиш учун мавжуд имкониятлардан фойдаланиш муҳим экани қайд этилди.

Ўзаро товар етказиб бериш номенклатураси ва ҳажмини, шу жумладан тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, минерал ўғитлар, мис, фармацевтика маҳсулотлари, технологик ускуналар ва юқори қўшилган қийматли бошқа товарлар ҳисобидан кўпайтириш орқали яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион еврога етказиш вазифаси қўйилди.

Икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдириши мумкин бўлган тармоқларда саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон президенти иқтисодий шерикликни яна-да ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини кўрсатиб ўтди. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, электротехника жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотларни сақлаш ва қайта ишлаш, “яшил” энергетика объектларини қуриш ва модернизация қилиш шулар жумласидан.

Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни, шу жумладан Словениянинг “Копер” порти имкониятларидан фойдаланиш ва икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш орқали ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистонда Словения фуқаролари учун жорий этилган визасиз тартиб ишбилармонлик, гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси учрашув иштирокчиларининг эътиборини мамлакатимизда Европа компаниялари учун ташкил этилаётган махсус саноат паркига қаратди. У Словения компанияларини ушбу махсус зонанинг биринчи резидентлари бўлишга таклиф қилди.

Давлат раҳбари Словения ишбилармон доиралари Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантиришга қизиқиш билдириб, аниқ таклиф ва режаларини илгари сурганларини юксак баҳолади.

Якунда президентлар ҳузурида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий битимларни алмашиш маросими бўлди.




Изоҳ (0)