Наманган вилоятида бир нечта қоидабузарликлар содир этиб, қилмишини ижтимоий тармоқларга жойлаган ҳайдовчиларга чора кўрилди. Бу ҳақда “БуКун” дастурида маълум қилинди.

Қайд этилишича, яқинда бир блогер томонидан содир этилган қоидабузарликлар жамоатчилик эътиборига тушган. У Damas бошқарув вақтида рулга товоқдаги ошни қўйган ва уни еган ҳолда ҳаракатланган.
Шундан сўнг у айнан шу автомобиль ичига офис ва хонадонлар учун мўлжалланган кондиционерни ўрнатиб, шаҳарнинг гавжум кўчаларида ҳаракатланган.
“Қилган хатойим қонунни бузишга ва жаримага сабаб бўлиши айтилди. Машинам жарима майдонига олиб келинди. Машинани ўз ҳолатига қайтардик”, дейди Damas ҳайдовчиси.
Яна бир ҳолатда эса Nexia’нинг баллонларидан бири олиб ташланиб, уч ғилдиракда ҳаракатланилган. Ҳайдовчига нисбатан, маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонига жойлаштирилган.
Шавкат Мирзиёев 15 май куни ўтказган видеоселектор йиғилишида вилоятларда, айниқса, Наманганда ўқувчиларга автомобилни ижарага бериш авж олгани оқибатида ҳар ойда 10-15 нафар ёшлар мажруҳ бўлиб қолаётганини, ўлим билан тугаётган ҳолатлар ҳам кўплигини айтганди.
Шу муносабат билан болаларга машина бошқаришни берганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди.
Наманганда автомобилни вояга етмаганлар бошқариши оқибатидаги ЙТҲлар
2024 йилнинг апрель ойида Наманганда 11-синф ўқувчиси Lacetti’да икки талабани уриб юборганди. 2024 йилнинг ноябрида эса Наманган шаҳрида 9-синф ўқувчиси бошқарган Gentra автомобили иштирокида автоҳалокат содир бўлганди. 2025 йил апрелида Наманган вилоятининг Давлатобод тумани ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган мактаб ўқувчиси Nexia-3 машинасини бошқариб бориб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган ва юк автомашинаси билан тўқнашганди. Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида эса 10 синф ўқувчиси отасига тегишли Cobalt’да 4-синф ўқувчисини уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлганди.
Наманган вилояти ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиев автомобилларни ижарага берувчи Telegram гуруҳ ва каналларининг аксарият аъзолари мактаб ўқувчиларидан иборатлигини айтганди.
Изоҳ (0)