АҚШ президенти Дональд Трамп америкаликларни биологик ҳодисалардан ҳимоя қилиш мақсадида янги қонун чиқарди. Унга кўра, Хитой, Эрон ва бошқа мамлакатлардаги назоратсиз ва хавфли вируслар тадқиқотлари учун федерал маблағ ажратиш тақиқланди. Бу ҳақда Оқ уй хабар қилди.

Ҳужжат АҚШ тадқиқот агентликларига саломатлик ёки миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган биологик тадқиқотларни аниқлаш ва молиялаштиришни тўхтатиш ваколатини беради. У янги пандемия келтириб чиқариши мумкин бўлган хорижий тадқиқотларни маблағ билан таъминлашни тақиқлайди.
Ушбу буйруқ америкаликларни лаборатория авариялари ва бошқа биохавфсизлик ҳодисаларидан, жумладан, COVID 19 ва 1977 йилги Россия гриппи каби ҳодисалардан ҳимоя қилади, дейилади Оқ уй матбуот хизмати хабарида.
The Wall Street журнали 2025 йил январь ойида Трамп энди вируслар устидаги тадқиқот молиялаштирилишига йўл қўймаслигини маълум қилганди. Экспертларнинг огоҳлантиришича, агар қарор амалиётда қўлланилса, Қўшма Штатлар фанда бошқа мамлакатлардан анча ортда қолиши мумкин.
Апрель ойи ўрталарида АҚШ коронавирус Хитой лабораториясидан тарқалгани ҳақида далиллар келтирган. Конгрессменлар коронавирус Ухандаги лабораторияда яратилганини айтган. Улар 2 йиллик текширув натижасида коронавирус лабораториядан тарқалганига оид далиллар келтирган.
Вирус биологик хусусиятларга эга, COVID бозорда тарқалишидан олдин лаборатория ходимлари касалликка чалинган, дейди конгрессменлар.
Уларга кўра, вирус табиатда аниқланмаган биологик хусусиятларга эга, COVID-19 нинг барча ҳолатларида вирус инсон организмига бир марта кириши натижасида юзага келган. Гарчи олдинги пандемияларда бир нечта тарқалиш манбалари кузатилган. Бундан ташқари, Уханда САРС вирусларини ўрганиш бўйича етакчи тадқиқот лабораторияси мавжуд. Конгрессменлар муассаса “биологик хавфсизлик даражаси етарли бўлмаган” тадқиқотлар тарихига эгалигини айтмоқда.
Олимлар эса коронавирус бозордан тарқалганини айтмоқда
АҚШ, Буюк Британия, Франция ва бошқа мамлакатлардан бир гуруҳ олимлар коронавирус тарқалишининг манбайи Хитойнинг Ухан шаҳридаги денгиз маҳсулотлари бозори эканини айтганди. 12 миллиондан ортиқ аҳолига эга Уханда 4 та тирик ҳайвонлар бозори фаолият юритади. Улар орасида Хуанан бозори энг кўп ёввойи ҳайвонлар сотиладиган жой ҳисобланади.
Олимлар бозорда 2019 йилнинг кузида бир неча еноцимон итлар, бамбук каламушлар, малай жайралари, Амур типратиканлари ва Осиё бўрсиқлари каби тирик ҳайвонларни ноқонуний сотилганини айтмоқда. Ёввойи ҳайвон сотувчиларнинг аксарияти бозорнинг ғарбий қисмида жойлашган, айнан шу ерда COVID-19 билан касалланишнинг энг дастлабки ва кўп ҳолатлари кузатилган.
Изоҳ (0)