Полковник Зуфар Курбанов Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаменти раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Президент қарорига кўра, ички ишлар вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари лавозими тугатилиб, ички ишлар вазирининг ўринбосари — Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаменти раҳбари лавозими киритилди.
Зуфар Курбанов 2023 йилнинг сентябридан буён ички ишлар ишлар вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. Ундан аввал “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилган.
Ички ишлар органлари таркибида Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиши “Ички ишлар органлари тизимини рақамли трансформация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида белгиланганди. Уларнинг зиммасига рақамли ечимларни жорий этиш ва мувофиқлаштириш, электрон давлат хизматларини такомиллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби вазифалар юклатилди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида синов тариқасида туманлараро рақамли технологиялар бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилади.
Трансформация жараёнларини жадаллаштириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ҳузурида Рақамли лойиҳалар офиси ташкил этилади ва унга Рақамли технологиялар вазирлигининг малакали мутахассислари жалб этилади.
Изоҳ (0)