Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан Ўзбекистон президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Дониёр Қодиров иштирокида ички ишлар органлари фаолиятига оид тезкор йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Йиғилишда давлат раҳбари раислигида 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган мажлисида белгиланган вазифалар ҳамда қўйилган топшириқларнинг ижросига қаратилган масалалар кўриб чиқилган.
Шунингдек, тадбир жараёнида ташкилий масала кўрилган. Ўзбекистон президентининг қарори билан Рамазон Ашрапов ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи лавозимига тайинлангани эълон қилинган.
Мажлисда тергов ва эксперт-криминалистика соҳасига оид фаолиятни танқидий кўриб чиқиш, терговчи ва экспертларнинг малакасини ошириш, янги тузилган Криминология тадқиқот институти билан ҳамкорликда тизимни инновацион ва илмий ёндашувлар асосида янада такомиллаштириш, ахборот алмашинуви ва қарорлар қабул қилиш бўйича замонавий ҳуқуқий ва илмий ишланмаларни амалга кенг жорий этиш, соҳада ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берилган.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти раҳбари лавозимида ишлаб келган Яҳё Абдулҳақов лавозимдан озод этилганди. У 2021 йил февралидан буён вазир ўринбосари эди, у энди бошқа ишга ўтаётгани айтилган.
Изоҳ (0)