Ижтимоий тармоқларда айрим овқатланиш шохобчаларида мижозларга ўзбек тилида хизмат кўрсатилмаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Рақобат қўмитаси бу мурожаатлар бўйича ўрганишлар олиб борди.

Ўрганишлар давомида хўрандаларга тақдим этилаётган таомнома хорижий тилларда яъни рус, инглиз, турк, хитой ва бошқа тилларда эканлиги аниқланди.
Жумладан, Тошкентдаги Basri Baba турк таомлари ресторани масъулларини жалб қилган ҳолда ўрганилганда таомнома фақат турк тилида эканлиги, ушбу ҳолат хўрандаларда бирмунча қийинчилик туғдираётгани ўз тасдиғини топди. Ўрганиш натижасида ресторан томонидан таомнома маълумотлари давлат тилида тайёрланиб, қўшимча хорижий тилларда ҳам берилиши таъминланди.
China chuan chuan МЧЖга қарашли Хитой таомлари ресторанида хўрандаларга хорижий тилда муносабатда бўлинаётгани юзасидан тушган мурожаат ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида қонунбузилиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Эндиликда ресторанда давлат тилида хизмат кўрсатувчи ходимлар фаолият бошлаб, рус ва хитой тилларида тузилган таомномалар ўзбек тилидаги таржимасида хўрандаларга берилиши таъминланди.
Шунингдек, Тошкентдаги “Мирзо Бобур” МЧЖга қарашли Bon! кафеси ходимлари томонидан мижозларга рус тилида хизмат қилинаётгани бўйича ижтимоий тармоқда қолдирилган мурожаат ҳам ўрганилди. Ўрганиш натижасига кўра, кафенинг 26 та шохобчасида таомномалар хўрандаларнинг талабига асосан давлат тилида, шунингдек рус ва инглиз тилларида тақдим этилаётгани маълум бўлди.
Ижтимоий тармоқ орқали Cakelab қандолат ресторани тармоқларининг таомномасида рус тилида маълумотлар берилаётгани ҳам танқид қилинганди. Мазкур масала ресторан масъулларини жалб қилган ҳолда ижобий ҳал этилиб, таомномалар давлат тилига мувофиқлаштирилди.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 6-моддасига мувофиқ, товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилади. Мазкур маълумот қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин.
Апрель ойининг бошларида Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган тил масаласи бўйича муносабат билдириб, фуқаролар ўзаро мулоқот жараёнида фойдаланадиган тил бўйича қонунчиликда қатъий ва мажбурий талаблар кўрсатилмаганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)