Сўнгги йилларда Африка қитъасида таъсир кучи заифлашган Франция ўзининг ташқи сиёсатида глобал куч марказлари учун тобора жозибали ҳудудга айланиб бораётган Марказий Осиё минтақасига алоҳида эътибор қаратиб, бу ерда расмий Париж ўзи учун муҳим ҳамкор сифатида Ўзбекистон ва Қозоғистонни эътироф этмоқда. Жумладан, 11–12 март кунлари Ўзбекистон президентининг Францияга амалга оширган икки кунлик давлат ташрифи бежиз эмас. Ушбу мақолада Парижнинг Тошкент билан ҳамкорликдан кутаётган манфаатлари ва бу ҳамкорликнинг икки томонлама стратегик аҳамияти таҳлил қилинади.
Иқтисодий ҳамкорлик
Парижда 11 март куни Ўзбекистон ва Франциянинг тегишли вазирликлари, идоралари раҳбарлари ҳамда 100 га яқин етакчи компаниялари, молия ва бизнес ташкилотлари раҳбарлари иштирокида Франция—Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу форум давомида икки давлат ўртасида 20 дан ортиқ битим ва шартномалар имзоланган.
Тадбирда сўзга чиққан инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг қатор йўналишларини, жумладан, транспорт ва логистика жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, савдо йўлакларини диверсификация қилиш ва геология-қидирув ишларини олиб бориш, шунингдек, Ўзбекистон эҳтиёжларига мослаштирилган француз технологияларини жорий этиш орқали инновацион ривожланиш муҳимлигини таъкидланган.
Шунингдек, Форумда сўзга чиққан MEDEF International раиси ва Orano компанияси директорлар кенгаши раиси Клод Имовен Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва француз бизнеси вакилларини Ўзбекистон бозорида фаол кириб боришга чақирди.
2024 йилда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларга етди, бу олдинги йилга нисбатан 14 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, Ўзбекистондан Францияга экспорт ҳажми қарийб икки баравар ортиб, 800 миллион долларни, импорт эса 330 миллион долларни ташкил этди.
Ўзбекистонда француз компаниялари сони тўрт бараварга кўпайган. Ҳозирда Ўзбекистонда қурилиш, қишлоқ хўжалиги, туризм каби муҳим йўналишларда Франция капитали иштирокида 50 та корхона фаолият юритмоқда.

2018 йилдан бери Франция Ўзбекистонга 6 миллиард евродан ортиқ инвестиция киритган. Veolia ва Suez компаниялари мамлакатдаги сув ва иссиқлик таъминоти инфратузилмасини янгиламоқда, EDF (Électricité dе France) эса Сирдарёда 1 600 МВт қувватли иссиқлик электр станцияси қурмоқда.
Шунингдек, Франциянинг Тоtal Eren компанияси Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қурилган қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини (SPPP) барпо этган эди. Франциянинг Тараққиёт агентлиги (AFD) эса бу лойиҳага 1 миллиард евро ажратган.
Ўзбекистон экспортининг асосий йўналишлари энергия ресурслари, тўқимачилик ва металлар ҳисобланади.
Франция Ўзбекистонга нега эътибор қаратмоқда?
Дарҳақиқат, охирги йилларда Франция Ўзбекистон билан алоқаларини фаол ривожлантирмоқда ва Марказий Осиёда ўз иштирокини мустаҳкамлашга интилмоқда. 2023 йилда икки давлат раҳбарлари муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олган эди.
11–12 март кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Эммануэл Макрон стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилди.

Сиёсатшунос Мухтор Назиров “Дарё” журналисти билан суҳбатда Франциянинг Ўзбекистонга қизишлари кўпроқ уран билан боғлиқ эканлигини, бугунги кундаги Нигериядаги сиёсий вазият Францияни Ўзбекистон билан яқинлашишга ундаётганини айтиб ўтди.
“Франциянинг Ўзбекистонга қизиқиши ўта прагматик. Яъни бу ерда у қандайдир геосиёсий ўйинларни амалга оширмоқчи эмас. Биринчи ўринда бунга Россия ва Хитой йўл бермайди. Франциянинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга қизиқиши унинг Нигериядан чекиниши билан боғлиқ. Чунки Нигерия дунёда уран қазиб олиш бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринда турувчи давлат ҳисобланади.
Демак, Франциянинг уран бўйича эҳтиёжларини қопловчи Марказий Осиёдаги мамлакатлар – Ўзбекистон ва Қозоғистон. Чунки Қозоғистон уран экспорти бўйича дунёда биринчи, Ўзбекистон эса бешинчи ўринда. Яъни Франциянинг қизиқиши кўпроқ иқтисодий.
Ўзбекистоннинг уран экспорти бўйича имкониятлари чекланган. Энг максимал экспорт ҳажми 441 тонна. Ҳозир Европа мамлакатлари Россия билан низода, шунда бир шароитда улар муқобил энергия манбаларини изламоқда. Маълумотларга кўра, Франция ўзининг уран эҳтиёжининг 35-40 фоизини Нигерия ҳисобидан қоплаган. Энди бу эҳтиёжни тўлдириш керак.
Ҳозир Франция Канада, Қозоғистон ва Австралиядан уран сотиб олади. Булар қаторига Ўзбекистон ҳам қўшилган. Ўзбекистонда истиқболли уран захиралари мавжуд. Лекин уни қазиб олиш ва қайта ишлаш учун инвестиция жалб қилиш керак.
Франция президенти 2024 йилда Ўзбекистонга келганида, Orano компанияси геология-разведка ишларини амалга ошириш учун 500 миллион доллар инвестиция киритиш мажбуриятини олган. Ҳозир бу компания Навоий вилоятининг Томди туманида геология-разведка ишларини олиб бормоқда. Франциянинг манфаати мана шунда”, деб шарҳлади у.
Мустақил таҳлилчи В.Базарова ўз мақоласида Франциянинг Ўзбекистонга қизишини асословчи бир қанча омилларни тилга олиб ўтган.
Биринчидан, энергетик хавфсизлик. Франция дунёда ядровий энергиядан энг кўп фойдаланувчи давлатлардан бири бўлиб, унинг 70% электр энергияси АЭСларда ишлаб чиқарилади. Шу сабабли, уран таъминотининг кафолатланиши миллий хавфсизлик масаласи ҳисобланади. Ўзбекистон дунёнинг етакчи уран экспортчиларидан бири бўлиб, француз компанияси Orano бу ерда уранни қазиб олиш лойиҳаларини ривожлантирмоқда.
Иккинчидан, иқтисодий имкониятлар. Франция Ўзбекистонга тез ривожланаётган бозор сифатида қарамоқда. Ўртача 5-6% иқтисодий ўсиш суръати француз компаниялари учун қулай шароит яратмоқда. Бугунги кунда Тоtal Eren, EDF, Suez”, Veolia, Airbus каби йирик компаниялар Ўзбекистонда фаолият юритмоқда. Икки томонлама савдо ҳажми 2024 йилда 1,13 миллиард долларга етиб, охирги 7 йилда беш баробарга ошди.
Учинчидан, Марказий Осиёда сиёсий таъсирини кучайтириш. Россиянинг Украинадаги можароси сабабли таъсири пасайиши ва Хитойнинг геосиёсий фаоллашуви Францияни минтақада муқобил ўйинчига айлантиришга ундамоқда. Ўзбекистоннинг нейтрал ва прагматик ташқи сиёсати уни Париж учун идеал ҳамкорга айлантирмоқда.

Тўртинчидан, маданий дипломатия ва юмшоқ куч. Франция маданий алоқаларни таъсир воситаси сифатида ишлатишни яхши билади. Луврдаги "Ўзбекистон воҳаларининг хазиналари" кўргазмаси, 700 та мактабда француз тилининг ўқитилиши, Ўзбекистон олийгоҳлари ва Пантҳен-Сорбонна университетининг ҳамкорлиги – буларнинг барчаси Франциянинг узоқ муддатли стратегиясининг бир қисмидир, дея ёзган ўз мақоласида Базарова.
Ўзбекистон Франция кўмагида 2021 йил 10 апрель куни Европа Иттифоқининг GSP+ (Generalized Scheme of Preferences Plus) мақомини қўлга киритган. Бу мақом Ўзбекистонга Европа бозорига 6 200 дан ортиқ турдаги маҳсулотларни божхона тўловларисиз ёки имтиёзли шароитда экспорт қилиш имкониятини беради.
“Франция 2021 йилда Ўзбекистонни Европа Иттифоқи доирасидаги GSP+ тизимининг аъзоси қилиб қўйган. Бу бекорга эмас. Боиси, Ўзбекистон ва Европа ўртасидаги масофа катта ва бу маҳсулотнинг тан нархини қимматлаштиради. Мана шунинг учун ҳам Франция Ўзбекистонга GSP+ мақомини берган”, дейди Мухтор Назиров.
Ўзбекистоннинг манфаатлари
Ўзбекистон учун Франция билан алоқалар иқтисодий ривожланиш, инвестицияларни жалб қилиш, технологик модернизация ва халқаро сиёсатда Ўзбекистоннинг мавқеини мустаҳкамлаш каби муҳим жиҳатларни ўз ичига олади.
Франция Европанинг энг йирик иқтисодиётларидан бири бўлиб, саноат ва технологиялар соҳасида илғор давлат ҳисобланади. Бугунги кунда Франциянинг TotalEnergies, EDF, Suez каби йирик компаниялари энергетика, сув ресурсларини бошқариш ва инфратузилма соҳаларида Ўзбекистонда фаолият юритмоқда.
Шу билан бирга, Франция Ўзбекистон учун ўз маҳсулотларини Европа бозорига олиб чиқишда кўприк ролини ўйнаши ҳам мумкин. Бу геосиёсий босимлар ошиб бораётган бир паллада Ўзбекистон учун иқтисодиётини диверсификация қилишга имкон яратади.
“Ҳозир Ўзбекистон Россияни айланиб ўтувчи транспорт йўлакларига эътибор қаратмоқда. Ва бу лойиҳаларга Европа мамлакатларини жалб этиш муҳим ҳисобланади. Чунки якуний харидорлар Европа. Бундан ташқари, Ўзбекистон GSP+ мақомидан келиб чиқиб Европа Иттифоқи давлатлари билан ўз алоқаларини мустаҳкамламоқчи. Бу орқали Ўзбекистон ўз маҳсулотларига кўпроқ имтиёзлар олишга уринмоқда ва бунда Франциянинг қўллови муҳим ўрин тутади”, деди Мухтор Назиров.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон учун Франция билан ҳамкорлик иқтисодий, энергетик, таълим ва халқаро дипломатия соҳаларида катта имкониятлар тақдим этади. Айниқса, технологик модернизация, Европа бозорига чиқиш ва яшил энергетика каби йўналишлар мамлакатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади. Шу боис, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик Ўзбекистоннинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беради.
Изоҳ (0)