Сўнгги вақтларда хорижий давлат раҳбарларининг Ўзбекистондан қадами узилмай қолди. Яқиндагина Франция президенти Эммануэл Макронни кузатиб юборган эдик, 9–11- ноябрь кунлари Италия президенти Сергио Маттарелла Ўзбекистонга расмий давлат ташрифи билан келди. Хўш, Италия президенти қандай манфаатларни кўзлаб Ўзбекистонга келди? Ўзбекистоннинг Италияда қандай манфаатлари бор?
“Дарё” ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида иқтисодий таҳлилчи Нодирбек Расулов ва сиёсатшунос Асрорбек Сатторовлар билан суҳбатлашди.
— 2016 йилгача Ўзбекистон ва Италия муносабатлари қандай бўлган?
Асрорбек Сатторов, сиёсатшунос:
— Ўзбекистоннинг Италия давлати билан алоқалари мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошланган. 1992 йилнинг январь ойида Италия Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида тан олган ва ўша йилнинг март ойида дипломатик алоқа ўрнатиш учун ўз элчисини юборган. 1996 йилнинг 21 июнь куни Италиянинг Флоренсия шаҳрида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган. 1997 йилда Италия бош вазири Романо Продининг Ўзбекистонга келиши ўзаро муносабатларни жонлантирди. Шундан сўнг бирор-бир Италия ҳукумат раҳбари Ўзбекистонга ташриф буюрмаган эди.
2016 йилгача Ўзбекистон ва Италия муносабатлари унчалик ҳам барқарор бўлмаган. Чунки Италияда вақти-вақти билан ҳукуматлар ўзгариб турган. Лекин ўтган давр мобайнида икки мамлакат ўртасида нафақат иқтисодий, балки маданий-гуманитар соҳада ўзаро ҳамкорликлар йўлга қўйилган. Масалан, 1997 йилдан бошлаб Италия билан ҳамкорликда “Шарқ тароналари” фестивалини ўтказиш бошланган. 2009 йилда эса Тошкентда Турин политехника университетининг филиали очилган. 2016 йилгача Ўзбекистоннинг ташқи савдосида Италия билан ўзаро ҳамкорлик 157 миллион долларни ташкил этган. Бу рақамлардан ҳам кўрсак бўладики, икки давлат ўртасидаги алоқалар унчалик барқарор бўлмаган.
2022 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Италия президентининг таклифига биноан Италияга дастлабки давлат ташрифини амалга оширди. Унда бир қанча шартномаларга имзо қўйилган эди. Жорий йилнинг 9–11 ноябрь кунлари Италия президентининг Ўзбекистонга келгани ўтган йилги ташрифга жавобан амалга оширилди.
Ҳозир Италияни доимий энергия ресурслари билан таъминлаб турадиган Россияга нисбатан санкциялар жорий қилинган. Бир катта бозор ёпилгач, Италия бошқа бозор излашга ҳаракат қилмоқда. Шу боисдан Европа ва Италия Ўзбекистонга юзланмоқда.
Иқтисодий таҳлилчи Нодир Расулов:
— Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва Италия муносабатлари 1992 йилдан бошланган. 2010–2011 йилларда Ўзбекистоннинг Италия билан маҳсулот айланмаси 151 миллион доллар атрофида бўлган. Бунга маълум бир сабаблар мавжуд. Масалан, конвертация. Хорижий инвестор маълум бир мамлакатга ўз инвестициясини олиб кириб, даромад топиши учун маълум қулайликлар бўлиши керак. Бундан ташқари, инвесторни мамлакат ичидаги иқтисодий-сиёсий барқарорлик қизиқтиради. Шунга қарамай, Ўзбекистон ва Италия ўртасида маълум бир иқтисодий муносабатлар бўлган. 2012 йилда Ўзбекистонда Италия капитали иштирокида 32 та корхона фаолият юритган. Ундан 18 таси қўшма корхона бўлиб, атиги 4 та корхона 100 фоизлик Италия капитали асосида иш юритган.
Инвесторларга шароит яратилмагани туфайли нафақат Италия, балки Европанинг бошқа мамлакатлари билан Ўзбекистоннинг алоқалари яхши бўлмаган. 2016 йилдан кейин ташқи иқтисодий алоқаларнинг яхшиланиши, инвесторларга яратилган кафолатлар натижасида бугун мамлакатимиз жаҳон бозорига очилди. Шу сабабли бугун Европа мамлакатларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортди.
— Италиянинг Ўзбекистонда қандай манфаатлари бор?
Нодирбек Расулов, иқтисодий таҳлилчи:
— Мамлакатлар ўзаро алоқа қилаётганда, иқтисодий манфаат биринчи ўринга қўйилади. Бугун дунёда геосиёсий вазият ўзгармоқда. Бу маълум бир савдо-иқтисодий ва транспорт коммуникация билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарди. Ҳозирда Италия аҳолиси 59 миллионни ташкил этади. Ҳудуди жиҳатдан бир оз Ўзбекистондан кичик. Лекин ривожланган давлатлар рейтингида топ-10 га киради. Бундан ташқари, Италиянинг ялпи ички маҳсулоти йилига 2 триллионни ташкил қилади. Кўришимиз мумкинки, Италия иқтисодий жиҳатдан анча бақувват.
Италияга инвесторлар учун яхши шароит яратиб берган мамлакат керак. Ўзбекистон 2016 йилдан кейин Европа билан Марказий Осиёни боғлашда етакчиликни ўз зиммасига олди. Умуман, Европа давлатлари Ўзбекистонга инвестицияга бўлган талабнинг юқори эканлиги, арзон ишчи кучининг борлиги ва табиий қазилма бойликларнинг мавжудлиги учун қизиқмоқда.
Мен 2 та аниқ факт билан Италиянинг Ўзбекистондаги манфаатларини айтиб ўцам. Масалан, 2021 йилда Жиззах вилоятининг Бахмал туманига заъфарон етиштириш бўйича Италия 40 миллион еврога яқин инвестиция киритди. 2021 йилда етиштирилган ҳосилдан 1 тоннаси эса 14 миллион еврога Италияга экспорт қилинди. Бу киритилган инвестиция ўзини оқлагани туфайли, 2022 йилда 16 миллион дона заъфарон уруғи олиб келинди. Ҳозир заъфаронни Америкага экспорт қилишга рухсат олинди.
Шунингдек, Италия узум ва зайтун етиштириш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Қишлоқ хўжалигининг маълум бир турларида Ўзбекистоннинг шароитлари билан Италия шароитлари тўғри келади. 2000 йилларда Сурхондарёда зайтун етиштириш бўйича бир лойиҳа йўлга қўйилган эди. Афсуски, бу лойиҳа охирига етмай қолганди. Бироқ ҳозир Италия Сурхондарёнинг 7-8 туманига зайтун етиштириш бўйича жуда катта инвестиция олиб кирган. Мана бу Италиянинг Ўзбекистондаги иқтисодий манфаатларининг бир кўриниши.
Асрорбек Сатторов, сиёсатшунос:
— Албатта, Марказий Осиёда лидерга айланган Ўзбекистон Европа учун ҳам қизиқ. Ўзбекистон бевосита Афғонистон билан чегарадош. 2001 йилдаги НАТОнинг Афғонистондаги операцияларида Италия иштирок этган. Ҳозир Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва гуманитар ёрдамнинг рамзи — Ўзбекистон. Ҳар қандай давлат Ўзбекистон орқали Афғонистонга гуманитар ёрдам юборади. Италиянинг гуманитар ёрдам соҳада ўз обрўсини оширишда Ўзбекистон зарур. Ҳозир дунё ҳамжамияти “Толибон”га ишонмаяпти. Шу сабабли Италия Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш орқали, бу ердаги тинчликни сақлашда ўзининг ҳам ўрни бор эканлигини жаҳон ҳамжамиятига кўрсатиб қўймоқчи.
2021 йилнинг февраль ойидан бошлаб Европа учун муаммо пайдо бўлди. Италия ўзини буғдой ва дон маҳсулотларини асосан Украина ва Россия орқали таъминлар эди. Италия аҳолисининг бор-йўғи 2 фоизи қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эҳтиёж катта. Шу сабабдан Италия учун Марказий Осиё керак.
— Ўзбекистоннинг Италияда қандай манфаатлари мавжуд?
Иқтисодий таҳлилчи Нодир Расулов:
— Яқинда “Ўзбекистон-2030” стратегияси қабул қилинди. Бунда мамлакатнинг иқтисодий потенциал ини оширишга қаратилган 100 та мақсадлар белгилаб берилган. Бу мақсадларни амалга ошириш учун жуда катта меҳнат қилиш керак. 2022 йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти йилига 80 миллиард долларни ташкил қилган бўлса, 2030 йил якунигача бу кўрсаткични 160 миллиард долларга чиқариш режа қилинган. Бунинг учун маълум мамлакатлар билан ҳамкорликда иш олиб боришимиз керак. Ўзимиздаги бор потенциал ни ишга солиш учун инвестиция ва замонавий технологиялар зарур. Италия металлургия ва машинасозлик бўйича энг илғор давлат.
Италия йилига 49 миллиард евролик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, 10 миллиард евролик мис ва мис маҳсулотлари ёки 25 миллиард евролик трикотаж маҳсулотларини импорт қилади. Мана шу 3 та соҳа бўйича Ўзбекистонда жуда катта имкониятлар мавжуд. Ўзбекистоннинг манфаатлари мана шу ерда. Бундан ташқари, “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга оширишда Италия билан ҳамкорлик жуда муҳим.
Асрорбек Сатторов, сиёсатшунос:
— 2022 йилги маълумотларга кўра, Италия бир йилда 540 миллиард евролик маҳсулотни экспорт, 490 миллиард евролик маҳсулотни эса импорт қилади. Кўряпмизки, тафовут унча катта эмас. Ўзига хос импортга ҳам муҳтож. Албатта, бундан Ўзбекистон ўз маҳсулотларини етказиб бериш орқали фойдаланса бўлади. Бунинг устига йўл масаласини Италиянинг ўзи ҳал қилмоқчи.
Ҳозир Ўзбекистон Италиядан 280 миллиард долларлик маҳсулот олиб киряпмиз ва Италияга 250 миллиард долларлик маҳсулот сотяпмиз. Бу рақамларни оширишимиз керак. Бунга ҳозир имконият бор. Бундан ташқари, хориждаги банкларга қимматбаҳо қоғоз қўйиш масаласи ҳам бор. Ушбу масалада Италия банклари анча нуфузли ҳисобланади.
Италия билан имзоланган шартномаларга қарайдиган бўлсак, таълим соҳасига алоҳида урғу берилган. Турин политехника университети қошида Италия инновациялари маркази ташкил этилмоқда. Тан олиш керак, Италия технология бўйича жуда юқори ўринда туради. Ана шу технологияларни Ўзбекистонга олиб кириб, уларни ўзлаштиришимиз керак. Бу соҳада секин-аста Хитой бизни эгалламоқда. Шу сабабли бу йўналишда Италия маҳсулотларини олиб кириш зарур.
Шунингдек, Ўзбекистонда арзон ишчи кучи мавжуд. Ўзбекистон мутахассислар тайёрлаб, қиммат ишчи кучини Италияга олиб кириши лозим. Чунки ўша мутахассислар Италия тажрибасини ўрганиб, келажакда Ўзбекистонга олиб келса, катта ютуққа эришган бўлар эдик.
— Италия бизнеси Ўзбекистонга кириб келиши учун қандай шароитлар яратилган?
Нодир Расулов, иқтисодий таҳлилчи
— Яқинда Ўзбекистонда конституциявий ислоҳот бўлиб ўтди. Янги конституцияда асосан инсон ҳуқуқлари ва Жаҳон савдо ташкилотига кириш масаласига катта эътибор қаратилган. Жаҳон савдо ташкилотига киришнинг катта талаблари бор. Ҳозир биз хориждан инвестор жалб қилишга ҳаракат қиляпмиз. Лекин хорижлик инвесторлар бир оз эҳтиёткор ҳаракат қилмоқда. Айниқса, Европа бизнесменларининг талаблари жуда юқори. Чунки улар катта инвестиция олиб киради.
Ҳозирда хорижий инвесторлар учун мамлакатимизда қулай муҳит яратишга ҳаракат қилинмоқда. Албатта, бу нафақат Италия тадбиркорларини, балки бошқа давлат инвесторларининг ҳам Ўзбекистонга қизиқишини оширади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 1200 га яқин хорижий капитал иштирокида корхоналар мавжуд. Шулар ичида Италия корхоналарининг сони 52 тани, Германия корхоналарининг сони эса 202 тани ташкил этади.
Асрорбек Сатторов, сиёсатшунос:
— Ҳозирги имзоланган шартномаларнинг истиқболдаги кўлами 10 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ҳозир Италиянинг 52 та корхонаси бор, лекин бу кам. Корхоналар сонини 100 дан ошириш керак. Ўзбекистон ва Италия ўртасида имзоланган шартномаларни қарасак, Италия Ўзбекистоннинг дипломатик корпус вакилларига визасиз режимни жорий қилганини кўришимиз мумкин. Бу нарсани Италия унча-мунча давлатга жорий қилмайди.
Марказий Осиёнинг ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий барқарорлиги учун Италия муҳим. Жуда кўп экспертлар бу минтақа асосан Россия ёки Хитой билан ҳамкорлик қилади, деб айтади. Лекин сўнгги вақтларда ташқи савдо ҳамкорларимиз ичида Германия топ-10 га кирди. Яқин келажакда Франция ҳам топ-10 га кириши мумкин. Шунинг учун биз Европа бозорларига ҳам шароит ҳозирлашимиз керак. Бу нарса Ўзбекистоннинг ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий барқарорлиги учун хизмат қилади.
Сардор Али суҳбатлашди
Изоҳ (0)