Қирғизистоннинг Ўш вилоятида интернетда экстремистик материаллар тарқатганликда гумонланиб, 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси ушланди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб, “24.кг” хабар берди.

Ўзбекистонлик аёл интернетни мониторинг ва таҳлил қилиш тадбирлари давомида аниқланган.
Экстремистик ва террористик характердаги материалларни эълон қилган Instagram ва TikTok ижтимоий тармоқларининг фаол фойдаланувчиси ҳақида маълумотлар олинган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг “Экстремистик материалларни тайёрлаш, тарқатиш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, дейилади хабарда.
Экспертиза натижаларига кўра, материаллар Қирғизистон ҳудудида тақиқланган “Исломий давлат” халқаро террорчилик ташкилотига тегишли бўлган. Махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар гумонланувчининг шахсига аниқлик киритган. У 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ш.Н. бўлиб чиққан.
У ижтимоий тармоқларда аёлларнинг диний бош кийими — “ниқоб”ни реклама қилиб сотган ва унга жиҳод руҳидаги “нашида”ларни аудио сифатида танлаган. Гумонланувчи вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Тергов иши давом этмоқда.
Изоҳ (0)