Ўзбекистонда ўз вақтида кредит тўловларини амалга оширишга қийналаётган шахсларга енгиллик яратилиши кутилмоқда.

Марказий банк томонидан банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишдаги минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилган. Тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Унда банкларга молиявий қийинчиликлар ва мураккаб ҳаётий вазиятларга тушиб қолган, шунингдек, форс-мажор ҳолатлари туфайли ўз вақтида кредит тўловларини амалга оширишга қийналаётган қарз олувчиларнинг амалдаги кредитлари бўйича шартнома шартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш (реструктуризация) имкониятлари борасидаги аризаларини кўриб чиқиш юзасидан ички тартибга эга бўлиши талаби қўйилмоқда. Бу тартибни банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш мажбурияти юкланади.
Мазкур ички тартиб камида қуйидагиларни ўз ичига қамраб олиши лозим:
- кредит шартномаси шартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш (реструктуризация) билан боғлиқ ҳолатлар;
- кредит шартномаси шартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга (реструктуризацияга) асос бўладиган молиявий қийинчиликлар, мураккаб ҳаётий вазиятлар ва форс-мажор ҳолатлари рўйхати;
- аризаларни қабул қилиш, рўйхатга олиш тартиби ва зарур ҳужжатлар рўйхати;
- аризани кўриб чиқиш муддатлари;
- қабул қилинган аризаларни кўриб чиқиш ва баҳолаш мезонлари;
- ариза бўйича банк томонидан қабул қилинган қарор ҳақида қарз олувчига хабар бериш муддати;
- ариза қаноатлантирилганда кредит шартномаси ва унинг иловаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тартиби;
- аризани қанотлантиришни рад этиш бўйича қарор қабул қилинганда, бу тўғрисида асослантирилган ҳолда аризачига хабар бериш.
Бунда, банкнинг ушбу ички тартибида ҳомиладорлик ва туғиш таътилини олган аёлларнинг амалдаги кредитлари бўйича тўловлар муддатини 10 ойгача узайтириш борасидаги аризаларини кўриб чиқиш борасидаги қоидалар мажбурий тарзда акс эттирилиши лозим.
Лойиҳа билан банклар томонидан кредит шартномаси расмийлаштирилгунга қадар қарз олувчи жисмоний шахсларга кредит мажбуриятлари ва эҳтимолий таваккалчиликлар ҳақида олдиндан маълумот бериш учун стандарт чек-лист шаклини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Фуқаро кредит шартномасини расмийлаштирилишидан аввал, чек-листни диққат билан ўқиб чиқиши ва ҳар бир бандни тушунганини тасдиқлаши керак. Қайд этилишича, бу келгусида кутилмаган молиявий қийинчиликлардан сақланиш учун хизмат қилиши мумкин.
Кредит расмийлаштиришдан олдин тўлдириладиган чек-листда тўртта шарт тушунтиришлар билан санаб ўтилади:
- кредит — бу харажат;
- кредитни қайтариш жадвалини диққат билан ўрганиб чиқдим;
- даромадларим кредит тўловларини тўлаш имконини беради;
- кредит тўловларини кечиктириш оқибатларидан хабардорман.
Мазкур чек-лист банк муассасасида кредит расмийлаштирилаётганда — қоғоз шаклида қарз олувчига тақдим этилади. Қарз олувчи чек-листдаги ҳар бир бандни ўқиб танишганини махсус белги билан белгилайди ҳамда чек-листни қўлда имзо қўйиб тасдиқлайди. Масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали кредит расмийлаштирилаётганда эса қарз олувчи чек-листдаги ҳар бир бандни ўқиб танишганини махсус электрон белги билан белгилайди ҳамда чек-листни тасдиқлаш тугмасини босади.
Шунингдек, истеъмолчиларга аризада кўрсатилган миқдордан ортиқ кредит таклиф қилиш орқали уни олишга ундаш, давлат томонидан бериладиган ижтимоий нафақа ва ёрдам маблағларини кредит қарздорлигига йўналтириш ҳамда тўлов муддати келмасдан олдин кредит тўловини талаб қилиш тақиқланади.
Изоҳ (0)