Маҳфуза Шербоевани ҳеч иккиланмай ўзбек санъатидаги биринчи аёл қизиқчи дейиш мумкин. Чунки унгача бирорта аёл киши якка ҳолда қизиқчилик қилмаган. Қуйида оддий уста оиласида туғилган, болаликдан қийинчиликда ўсган ва молиявий қийинчиликлар билан ижодини бошлаган Маҳфуза Шербоева ҳақида гаплашамиз.
“Оддий уста оиласида улғайганман”
Маҳфуза Шербоева 1987 йили Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилган. Отаси Ҳамза Шербоев узоқ йиллар устачилик билан шуғулланган. Онаси Ойсара Шербоева оддий уй бекаси.
— Оилада олти фарзандмиз, мен учинчиси бўлганман. Мендан ташқари ҳеч ким санъатга қизиққани йўқ. Болалигим ҳавас қилгудек ўтган, тўғри, меҳнат қилардим, аммо бундан ҳеч қачон нолимасдик. “Ҳой бола, обакидандон ейсанми?” деб чақириладиган боладек шўх, ўйинқароқ эдим.
Кўп фарзандли оила бўлганимиз ва рўзғор ёлғиз отамнинг бўйнида бўлгани учун молиявий қийинчиликлар кўп бўларди. Чунки қаҳратон қишда ҳеч ким уста ишлатмайди, қозон эса ҳар куни қайнаши керак. Ҳатто ейишга нонимиз ҳам қолмаган пайтда отам дўстидан бир қоп ун олиб келган. Аммо уннинг таъми қандайдир бошқача эди, еб бўлмасди. Отамга ёрдам бериш учун жуда кичкиналигимиздан бошлаб далада мардикорлик қилганмиз. Чопиққа ва теримга чиқиб, рўзғорга нафимиз тегарди. Бундан ҳеч қачон уялмайман, дейди Маҳфуза Шербоева.
“Дадам ижодимга қаршилик қилмаган”
Қаҳрамонимиз болаликдан санъатга қизиққани, саҳнага эшак билан чиққан кунини кулиб эслайди.
— Ўйлаб қарасам, санъатга жуда эрта қизиқишни бошлаганман. Аммо буни англашим учун вақт керак бўлган. Аввалига кўпчилик бунга шунчаки шўхлик деб қараган. Чунки бир йили мактабда ўтказиладиган тадбирда эшак билан саҳнага чиққанман. Директор қарши бўлган “Эшак ҳуркиб болаларга ташланса нима қиласан?”, деган. Уни ҳам амаллаб кўндирганман. Укам тадбирдан аввал эшакни мактаб ҳовлисига олиб келган, мени уни саҳнага етаклаб чиққанман.
Ундан кейин кучуклар билан томоша кўрсатганман. Ҳатто кўпчилик ота-оналар ҳам “Маҳфуза саҳнага чиқса айтинглар, байрамни томоша қилгани борамиз”, дейдиган бўлишган. Синф раҳбарим узоқ қариндошимиз эди. У бир куни уйимизга келганида дадамда “Қизингиз артист бўлмасин, уларнинг шахсий ҳаёти бўлмайди”, деган. Дадам индамай эшитган, аммо бу ҳақда менга индамаган. У оддий қишлоқ одами бўлса-да, бирор марта ижодимга қаршилик қилмаган, дейди Маҳфуза Шербоева.
“Хонандаликда омадим келмади”
Маҳфуза Шербоева биринчи йил санъат институтига киролмагани ва хонандаликда омади кулмагани ҳақида гапирди.
— Биринчи йил институтга қабул қилмаганман. Ҳафсалам пир бўлган, шунга дадам “Жиззахдаги педагогика институтида ўқий қол”, деган. “Яна бир уриниб кўрай, агар киролмасам санъаткор бўлмайман”, деган аҳд билан қайта ҳужжат топширганман. Иккинчи йил эстрада актёрлиги бўлимига бюджет асосида ўқишга қабул қилинганман. Қўшиқ айтишга қизиқишим юқори эди, мен албатта хонанда бўламан, деб ният қилардим. Аммо устозимиз Ортиқ Султоновнинг кўрсатувида иштирок этгандан кейин қизиқчилик йўналишида маҳоратли эканлигимни англадим. Бундай қарорга келишимнинг бошқа сабаблари ҳам бор.
Икки йигит билан бирга “Учаламиз” деган гуруҳ ташкил этиб, ижод бошлагандик. Биринчидан қўшиқчи бўлиш учун яхшигина маблағ сарфлаш керак экан, кейин шерикликда ижод қилиш қийинлигини англадим. Бекорга шерикликдаги ошни ит ҳам ичмайди, дейишмас экан. Ҳеч омадим келмай, қийналиб юрганимда дадам уйдаги қўй-қўзиларни сотиб ҳам ҳомийлик қилган. Аммо натижа бўлмаганидан кейин якка ўзим ҳаракат қиламан, нима бўлса пешонамдан деб қизиқчиликни танладим, дейди Маҳфуза Шербоева.
“Аёл кишига қизиқчиликда бало борми?”
Маҳфуза Шербоева илк ижодини бошлаган кезлари қийналгани ва унга билдирилган танқидларга ўз муносабатини билдирди.
— 2012 йилда қизиқчилик фаолиятимни бошлаганман. Жуда қийин бўлган, чунки аёл қизиқчи томошабинлар учун янгилик эди. “Ҳандалак” гуруҳи билан бирга институтда концерт беришимиз керак эди. Беш юзга яқин талаба тўпланган залга чиқдим-у, микрофонга яқин қолганда сўзларим эсдан чиқиб қолди. Ўшанда ҳазил шеър айтишим керак эди. Ортга қайтолмайман, устозлар қараб туришибди, олдинга юрсам шарманда бўламан. Нима бўлса бўлди, ҳаммаси пешонамдан, деб микрофонни қўлга олдим-у, аввал шеърнинг охирини айтдим, кейин бошини эсладим. Томошабинлар кулишди, ўзим эса уялганимдан қизариб кетгандим.
Танқидлар етарлича, “Уйда ўтирсанг бўлмайдими? Ота-онаси қаерга қараяпти? Аёл кишига қизиқчиликда бало борми?” деган гап-сўзларни кўп эшитдим. Ҳар ким қўлидан келган ишни қилади. Мен бошқа касбда ўзимни кўролмайман. Агар қайта дунёга келсам ҳам қизиқчи бўлишни сўраган бўлардим, дейди Маҳфуза Шербоева.
“Ёлғизлигимни ҳис қилдим”
Ҳали турмушга чиқмаган ижодкор оғир касалликка чалинган пайтида ёлғизликни ҳис қилгани ва бўлажак турмуш ўртоғи қандай бўлишини исташи ҳақида гапирди.
— Карьера деб оиладан воз кечдим. Аммо ўйлаб қарасам, учрашувларга чиқиб юрган қиз ҳам эмасман. Балки, ҳаммаси ниятга боғлиқдир. Чунки олдиндан аввал санъатда ўз ўрнимни топаман, тарихда қолиб, кейин оила қураман деб ният қилардим. Дўст-дугоналарим кўп, аммо барибир улар оиланинг ўрнини босолмас экан. Карантин пайтида Тошкентда қолдим. Аксига олиб, ковидга чалинган ва жуда узоқ вақт касалхоналарда даволандим. Шу пайтда оила қуришим, турмуш ўртоғим ва фарзандларим бўлиши кераклиги ҳақида ўйладим. Бекорга оналар қизларини эрта турмушга беришга шошилмас экан. Ёши катта бўлгандан кейин инсон танларкан. Турмуш ўртоғим мендан кучли бўлишини, кўп пул топишини ва ақлли инсон бўлишини орзу қиламан. Сумкамни кўтариб, топганимга шерик бўладиган эр керак эмас, дейди Маҳфуза Шербоева.
“Қийин йўлни танладим”
Маҳфуза Шербоева актрисалик қилолмаслиги ва карьерасининг давомийлиги яна қанча давом этиши ҳақида гапирди.
— Сериалларга кўп таклиф этишади. Истамайман, ҳаммадек ижод қилишни ва бир қолипга тушиб қолиш ниятим йўқ. Ҳали ўзим истаган натижага эришмадим, аммо қийин йўлни танлаганимдан афсусланмайман. Қўйиб беришса умримнинг сўнгига қадар саҳнада қизиқчилик қилмоқчиман, дейди у.
“Ижара уйдан ҳам қувилганман”
Маҳфуза Шербоева молиявий қийинчиликлари, Тошкентда турар жойсиз қолган кунларини қуйидагича эслайди.
— Инсон ҳар бир кунига шукр қилиб яшашиш керак. Бундан ҳам баттарроқ бўлиши мумкин эди-ку, нега нолийман деб хаёлидан ўтказса, ўзини қўлга олиши осонроқ кечади. Мен 10 минг сўм эвазига мардикорликка чиқадиган қиз эдим. Ҳеч кимнинг ёрдамисиз, фақатгина ота-онамнинг дуоси билан Тошкентга келдим. Шундай кунлар ҳам бўлганки, телевизорларга чиқиб танилиб қолганимизда Тошкентдаги ижара уйдан ҳайдалганмиз. Чунки тўловларни қилолмаганмиз. Аммо ўшанда ҳам яхши кунлар келишига ишонганман ва ҳаракат қилганман. Яхши кунлар албатта келади, фақат меҳнат ва яхши ният қилиш керак холос, дейди Маҳфуза Шербоева.
Изоҳ (0)