Голливуд актёри Райан Рейнолдс саратон касаллигидан азият чекаётган ёш мухлисини кўриш учун Массачусец касалхонасига борди. Саратоннинг камёб турига чалинган болакай хурсандчиликдан йиғлаб юборди.
“Дедпул” фильмининг юлдузи, 47 ёшли Райан Рейнолдс Бостондаги болалар касалхонасида рабдомиосаркома (скелет ва мушаклардаги хавфли ўсимта) билан курашаётган саккиз ёшли Нешни кўриш учун келганда болакай ҳайратда қолди.
Неш ҳозирда олти ҳафта давом этадиган протон нурли терапия курсидан ўтмоқда. Бемор ўзининг радиацион ниқобини Дедпул ниқоби кўринишида безагани актёрнинг эътиборини тортди.
Нешнинг онаси Энжи Пуаре радиобошловчи бўлиб, ижтимоий тармоқда Рейнолдсга ўғлининг суратини юборган ва кутилмаганда актёр учрашиш таклифини берган. Райан ва Неш ўртасидаги суҳбат бир соатдан кўпроқ давом этди.
Видеолавҳаларда Рейнолдс Нешнинг хонасига совғалар билан кириб келгани ва унинг ниқобини тақиб кўргани тасвирланган. Сўнг улар актёр Ҳью Жекманга видеоқўнғироқ қилишди ва “Росомаха” билан бир неча дақиқа суҳбатлашишди.
“Даволанишга муҳтож бўлган ҳар бир боланинг бундай шароитдаги касалхоналарда бўла олмаслиги жуда ачинарли ҳолат. Фарзанди хаста бўлган ҳар бир ота-она боласини яхши мутахассислар қўлига топшириш имкони бўлишини жуда истайман. Неш, сен ажойиб боласан. Сени яхши кўраман, дўстим”, дея Рейнолдс ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаган видеога изоҳ қолдирди.
Боланинг онаси Пуаре ўз блогида Райан ҳақида илиқ фикрлар билдирди ва актёр Нешни хурсанд қилиш учун қўлидан келганча ёрдам бергани, ушбу кун уларнинг хотирасида бир умрга муҳрланишини айтиб ўтди.
Изоҳ (0)