Украина Россияни Азов денгизи ва Керч бўғози устидан назоратни ноқонуний эгаллаб олишга уринаётганликда айблади. Киев вакили Гаагадаги суд жараёнида акваторияга киришни таъминловчи Қрим кўпригини олиб ташлашни талаб қилди.
“Россия Азов денгизи ва Керч бўғозини эгаллаб олмоқчи, шунинг учун у кираверишда халқаро кемаларни ўтказиб юбормаслик учун улкан дарвоза қуриб, Россиянинг кичик дарё кемаларига киришга рухсат берди”, деди Украина вакили Антон Кориневич Гаагадаги Доимий арбитражнинг биринчи йиғилишида.
Даъво Қрим аннексия қилинганидан икки йил ўтиб, 2016 йилда қўзғатилган. Украина, шунингдек, Россияни кўприк қуриш орқали БМТнинг денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясини бузганликда, украиналик балиқчиларга анъанавий балиқ овлашни тақиқлаганликда, атроф-муҳитга зарар етказганликда ва сувости археологик объектларини талон-торож қилишда айблаган.
“Кўприк ноқонуний ва бузиб ташланиши керак”, дея таъкидлаган Кориневич ҳакамлар ҳайъатига.
Россия бу иш арбитраж судининг юрисдикциясига кирмаслигини айтган.
“Агар ҳакамлар бошқача қарор қабул қилсалар, улар Киевнинг даъволарини рад этишлари керак. Украина томонидан бу ишда илгари сурилган айбловлар, албатта, мутлақо асоссиздир”, деди Россия вакили Геннадий Кузмин.
Украина хавфсизлик хизмати кўприкни бузиш учун иккита қўпорувчилик ҳаракатини уюштирган. 2022 йил 8 октябрда юк машинаси кўприкда портлаган, бу эса йўлнинг икки қисмининг қулашига ва темир йўл участкасида катта ёнғинга олиб келган. Иккинч уриниш эса 2023 йил 17 июлда содир бўлган.
Изоҳ (0)