Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг дронлар ёрдамида Қрим кўпригига уюштирган ҳужумлари қайтарилганини маълум қилди.
Ҳарбий идора маълумотларига кўра, биринчи ҳужум 1 сентябрь куни Москва вақти билан соат 23:15 да содир бўлган. Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, ичида экипажи бўлмаган катер Қора денгизда “ўз вақтида аниқланган ва яксон этилган”.
Яна икки дрон соат 02:10 ҳамда 02:20 да Қрим кўпригига ҳужум уюштиришга уринган. Иккала учувчисиз бошқариладиган учиш қурилмалари ҳам Қора денгизда йўқ қилинган.
Кўприкдаги вазият ҳақида маълумот бериб борувчи Telegram каналнинг ёзишича, ярим тундан 2 сентябрь соат 03:00 га қадар Қрим кўпригида ҳаракатланиш тўхтатилган.
Россия қўшинлари Украинага қарши кенг кўламли ҳужумларни бошлаганидан бери Қрим кўпригида иккита портлаш амалга оширилди — 2022 йил 8-октябрь ва 2023 йил 17 июлда.
Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюкнинг айтишича, июль ойида уюштирилган ҳужумда Sea Baby дронидан фойдаланилган. У мазкур учувчисиз бошқариладиган учиш қурилмалари Россия ҳужуми бошланганидан бир неча ой ўтиб яратилганини айтган.
Август бошларида маҳаллий аҳоли Қрим кўприги ҳудудида портлаш овози эшитилгани ва ёнғин чиққани ҳақида хабар берганди. Запорожье вилояти вакили Владимир Рогов “Қрим кўпригига учувчисиз учоқларнинг йирик ҳужуми” ҳақида гапирган. Унинг таъкидлашича, Россия ҳаво мудофааси учта ерусти дронини уриб туширган, аммо ҳужум давом этмоқда.
Изоҳ (0)