Шавкат Мирзиёев бокс бўйича ўзбек мураббийси Акмал Ҳасанов қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғлига ёрдам бериб, уни мусобақанинг финалигача боришида кўмаклашгани минтақадаги дўстона муносабатнинг ёрқин намунаси бўлганини айтди.
“Аҳил қўшничилик тамойилларига қурилган сиёсатимиз бугун халқларимиз юрагига кўчганини кўриш, албатта қувончлидир”, деди давлатимиз раҳбари 28 август куни Кўксаройда Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашувда.
Париждаги Олимпиада ўйинларида қирғизистонлик боксчига секундантлик қилгани учун Акмал Ҳасанов “Чингиз Айтматов” медали билан тақдирланди.
“Менга ажойиб боксчи Мунарбекни қўллаб-қувватлаш бахти насиб этганидан хурсандман, биз қардош халқлар, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимизни ҳис қиламиз ва буни бутун дунёга кўрсатиш жуда муҳим. Қирғизистонда бокс ривожланмоқда, буни Мунарбек тимсолида ҳам кўрамиз. Бундай юксак мукофот ва қирғиз халқининг эътирофига сазовор бўлиш мен учун катта шараф”, деган эди Ҳасанов.
Шавкат Мирзиёев учрашувда спортчиларнинг улкан ғалабалари нафақат ўзбек халқи, балки бутун минтақани руҳлантириб юборганини қайд этди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бундай ютуқлар халқларни бирдамликка, ҳар қандай шароитда ҳам елкама-елка туришга чорлагани қалбларни фахру ғурурга тўлдирди.
Изоҳ (0)