Олимпия медаллари, мамлакатнинг спорт оламида эришаётган ютуқлари давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражасини билдиради. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 28 август куни Кўксарой қароргоҳида Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашувда айтиб ўтди.
“Чиндан ҳам, сизлар ғоят кескин беллашувларда юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритганингиз мамлакатимизнинг тараққиёт борасидаги юксак салоҳиятини ифода этадиган ёрқин натижадир. Бу тарихий ғалаба Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир марта амалда намойиш этди”, деди давлати раҳбари.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, тўрт йилда бир марта ўтадиган бундай йирик халқаро мусобақада дунёдаги ҳар бир мамлакатнинг спорт соҳасига бераётган эътибори, миллат ва халқнинг жисмоний ва маънавий салоҳияти яққол намоён бўлади. Бундай улкан аренада энг кучли ва моҳир атлетлар, зўрларнинг зўри иштирок этади.
“Шу маънода, сизлар халқимизнинг чинакам қаҳрамонлари, ботир ўғил-қизлари, Ватанимиз ифтихорларисиз. Барчамиз сизлар билан ғурурланамиз” деди президент.
Ўзбекистон иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда МДҲ бўйича 1-ўринни эгаллади. Бу натижалар Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган ютуқ экани қайд этилди.
Изоҳ (0)