Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузиб, Украинага қарши урушда қатнашганларга тан олинмаган Қрим “ҳокимияти” томонидан ер участкалари берилади. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Аннексия қилинган Қрим “қонунчилигига” тегишли тузатишлар киритилган. Унга кўра, Россиянинг бундай фуқаролари “Федерацияси ҳудудида рўйхатдан ўтган жойи ва яшаш манзилидан қатъи назар” Қримда ер олиш имконига эга бўлади. Тегишли “қонун” расмий эълон қилинганидан сўнг 10 кун ўтгач кучга киради.
Россиянинг “ТАСС” ахборот агентлигига кўра, шу пайтгача Украинага қарши урушда қатнашгани учун Қримдаги ер участкаларини фақат аннексия қилинган ярим орол аҳолиси олиши мумкин бўлган.
Россия армиясини сафарбарликсиз тўлдиришга уринмоқда
Bloomberg ёзишича, Россия фронт чизиғидаги энг кўп йўқотишларини ўз вақтида тўлдира олмаяпти. Украина армиясининг Курск вилоятидаги операцияси Москванинг мудофаа захиралари етишмаслигини очиб ташлади. Шартномали аскарлар учун тўловлар сезиларли даражада ошганига қарамай, Россия ҳудудлари чақирув квоталарининг ўртача учдан бир қисмидан кўпроғини бажармаяпти. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги ва Кремлга яқин манбалар маълум қилган.
Шу муносабат билан улар йил охиригача Россияда янги сафарбарлик эълон қилиниши эҳтимолини истисно қилмаган. Бу, эҳтимол, фронтдаги ҳарбийларнинг “ротацияси” ниқоби остида амалга оширилиши мумкин.
Ҳозирча Россия қамоқхоналаридан маҳбусларни урушга жалб қилишда давом этмоқда, Курск вилоятида эса муддатли ҳарбий хизматчиларни шартномалар тузишга мажбурламоқда.
“Россия, шунингдек, юқори маош ва фуқароликни ваъда қилиб, глобал Жануб мамлакатлари фуқароларини урушга фаол жалб қилмоқда. Украинага асир тушган бундай хорижликлар ваъдаларга зид равишда фронтга жўнатилганини айтган”, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)