Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги оилавий мактабгача таълим ташкилотида икки ёшли бола вафот этди. Бу ҳақда “Дарё”га Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, гўдак ўлимига нафас йўлларининг овқат массаси билан беркилиши сабаб бўлган.
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани ИИБ навбатчилик қисмининг хабарига кўра, 2024 йилнинг 7 август куни соат 11:10 ларда “Йўлдошобод” МФЙда жойлашган ЯТТ “Ашурматова Замира Абдували қизи” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси 2022 йил 30 март куни туғилган И.С. тўсатдан вафот этган. Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, И.С.нинг ўлимига нафас йўлларининг овқат массаси билан беркилиши натижасидаги механик асфиксия сабаб бўлганлиги аниқланган, дейилади Бош прокуратура ахборотида.
Қўшимча қилинишича, ҳолат юзасидан Мирзаобод тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)