Ижтимоий тармоқларда ички ишлар органи ходимига нисбатан фаол қаршилик кўрсатилгани акс этган “Қўйлиқ бозорида ИИБ ходими калтакланди” номли видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ қуйидагиларни маълум қилди.
“Жорий йилнинг 19 август тунги соат 02.00 ларда Бектемир туманидаги бозор ҳудудида тунги хизматга жалб қилинган Бектемир тумани ИИО ФМБ ППХ инспектори сафдор Ж.Ражабов тўхтаб туриш тақиқланган жойга транспорт воситаси қўйилганлигини аниқлаган.
Ушбу транспорт воситаси бошқа машиналарнинг эркин ҳаракатланишига халақит берганлиги сабабли Ж.Ражабов Captiva’нинг эгасини чақиртирган ва транспорт воситасини олиб қўйишини сўраган. Бироқ 1990 йилда туғилган Ш.Абдуллаев ИИО ходимининг қонуний талабини бажармасдан, унга фаол қаршилик кўрсатиб, сафдор Ж.Ражабовни уриб, тан жароҳати етказган”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
“Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.
Жорий йилнинг февраль ойида Бухорода маст эркак ички ишлар ходимини уриб, бурнини синдиргани хабар қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)