АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ғазодаги эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича бўлажак музокаралар олдидан Исроилга ташриф буюрди.
Хабарга кўра, Блинкен 19 август куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху, мудофаа вазири Йоав Галант ва президент Исаак Герцог билан учрашади, 20 август куни эса Мисрга боради.
Давлат департаменти вакили Ведант Пателнинг аниқлик киритишича, Блинкеннинг “интенсив дипломатик саъй-ҳаракатлари” 16 август куни Вашингтон томонидан Миср ва Қатар кўмагида тақдим этилган вақтинчалик таклифга асосланади.
Ушбу таклиф Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришиш, барча гаровга олинганларни озод қилиш, бутун минтақа бўйлаб гуманитар ёрдам тарқатилишини таъминлаш ва кенгроқ минтақавий барқарорлик учун шароит яратиш имконини беради, дея ишонтирмоқда Давлат департаменти.
Блинкен яна бир бор минтақадаги барча мамлакатларни кескинлашув ёки келишувга эришиш қобилиятига путур етказадиган бошқа ҳаракатлардан қочишга чақирган.
AFP нашрига кўра, бу АҚШ давлат котибининг 2023 йил октябрь ойида Ғазода уруш бошланганидан бери Яқин Шарққа тўққизинчи ташрифидир.
Аввалроқ Нетаньяху биринчи навбатда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатига босим ўтказиш кераклигини яна бир бор таъкидлаган эди.
ҲАМАС ўжарлигида давом этмоқда. У ҳатто Доҳадаги музокараларга ўз вакилини ҳам юбормади. Шунинг учун босим Исроил ҳукуматига эмас, ҲАМАС ва Синварга қаратилиши керак, деган эди Нетаньяху.
Ғазо бўйича таклиф уч босқичли жараённи назарда тутади, бу жараёнда ҲАМАС 7 октябрь куни ўғирлаб кетилган барча асирларни озод қилади, эвазига Исроил ўз кучларини Ғазодан олиб чиқиб, фаластинлик маҳбусларни озод қилади.
Буюк Британия ва Франция ташқи ишлар вазирлари Девид Лемми ва Стефан Сежурне ҳам 16 август куни Исроилга ташриф буюриб, Ғазо бўйича келишув зудлик билан амалга оширилиши зарурлигини таъкидлаган эди.
Изоҳ (0)