Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятидаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларидан бирида нарх оширилгани ҳақида хабарлар кузатилди. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат тегишли тартибда дарҳол назоратга олинган. Метан газ нархи оширилмаган ва аввалги нарх (3750 сўм) бўйича автомобилларга қуйилмоқда.
Агарда нарх сунъий оширилган ҳолатларга гувоҳ бўлган фуқаролардан тегишли идораларга ёки матбуот хизматига (+99893-273-08-23) бу ҳақда маълумот қолдириш сўралди.
Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан ва пропан нархи ошгани ҳақида хабарлар тарқалгач, Рақобат қўмитаси бу борада ўрганиш ишларини бошлади. Бу ҳолат бўйича эътирозлар тарқалиб, жамоатчилик томонидан муҳокамаларга сабаб бўлди. Рақобат қўмитаси шуни инобатга олган ҳолда, ўз ваколатлари доирасида товар-хом ашё биржалари орқали реализация қилиниши белгиланган суюлтирилган газ маҳсулотининг қўйилиши ва сотилиши юзасидан тегишли ўрганишлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Автомобильларга газ тўлдириш шохобчаларида бир куб метр метан газ нархи ошгани ҳақида хабарлар 1 августдан бошлаб тарқалди. Бироқ ўрганишлар барча ҳудудларда ҳам метан нархи ўзгармаганини, айримларида эски нархи, айримларида эса 4250 сўмгача сотилаётганини кўрсатмоқда.
2024 йил 25 май куни Вазирлар Маҳкамасининг метан газ учун белгиланган энг баланд чакана нархнинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги қарори қабул қилинган ва 1 августга қадар автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида бир куб метр метан газнинг энг баланд нархи 3750 сўм этиб белгиланган эди.
Молия вазирлиги ахборот хизматининг “Дарё”га маълум қилишича, метан газ учун белгиланган энг баланд чакана нархнинг амал қилиш муддати узайтирилмаган, тадбиркорлар метан газ нархини ўзлари мустақил белгилайди.
Изоҳ (0)