Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроилнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича янги шартларига рози эмаслигини айтди. Бу ҳақда ҳаракатнинг Ливандаги вакили Валид ал-Килоний “РИА Новости”га маълум қилди.
Биз уч ҳафта олдин воситачиларга топширилган Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифга ҳамон содиқ қоламиз, бироқ Нетаньяху илгари сураётган қўшимча шартларни қабул қилмаймиз, дейди у.
ҲАМАС вакилининг қўшимча қилишича, ҳаракат “Фаластин халқи манфаатларига хизмат қиладиган” барча таклифлар учун очиқ.
Аввалроқ ОАВ Исроил Ғазо бўйича сулҳ режасига ўзгартиришлар киритмоқчи экани, бу эса ҲАМАС билан якуний келишувни қийинлаштиргани ҳақида хабар берган эди. Янги шартларга кўра, Исроил сулҳ бошланганидан кейин кўчирилган фаластинликлар Ғазо шимолига қайтганларида текширувдан ўтишини талаб қилмоқда.
Яна бир тўсиқ Исроилнинг Ғазо ва Миср чегарасида назоратни сақлаб қолиш талаби бўлган. Бу Миср расмийларига мос келмаган. Американинг Axios нашри мухбири манбаларга таяниб хабар беришича, Нетаньяху гаровга олинганларнинг оилалари билан учрашувда бир неча кун ичида ҲАМАСга янгиланган таклифни юборишини айтган.
Июль ойида Исроил ва ҲАМАС воситачилар орқали гаровга олинганларни озод қилиш эвазига Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни қайта бошлаган эди. АҚШ президенти Жо Байден Исроил номидан Фаластин анклавидаги можарони ҳал қилиш бўйича янги режани эълон қилганидан бери музокаралар жараёни бир ойдан кўпроқ вақт давомида тўхтаб қолган эди.
Изоҳ (0)