Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида белгиланмаган ҳудудга чиқинди ташлаган фуқаролар видеокамералар ёрдамида аниқламоқда. Бу ҳақда Каktus.media хабар берди.
Тегишли усул билан икки нафар фуқарога инспекторлар томонидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 115-моддаси 1-қисми билан баённома тузилган. Бу 5,5 мингдан 17 минг сомгача (820 мингдан 2,5 миллион сўмгача) жарима солишга асос бўлади. Белгиланмаган жойларда саноат ва тиббий чиқиндиларни ташлаганлар эса ЖК 115-моддаси 2-қисмига мувофиқ 7,5 минг сомдан 23 минг сўмгача (1 миллиондан 3,4 миллион сўмгача) жаримага тортилади.
Муниципалитет аҳолидан қоидаларга риоя этишни, тозалик ва тартиб учун масъулиятли бўлишни сўраган.
Маълумот ўрнида, 2023 йилда Ўзбекистонда белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганлик, саноат чиқиндиларини ташлаш каби ҳолатлар билан боғлиқ 17 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 7,6 миллиард сўм миқдорда маъмурий жарималар қўлланган.
Ўзбекистонда чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаганлик учун жарима миқдори 10 бараварга оширилиши кутилмоқда. Бунда қўшимча равишда юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача бўлган миқдорда молиявий жарималар қўлланади.
Изоҳ (0)