Сенат навбатдаги ялпи мажлисда кўрилиши режалаштирилган “Ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунини дастлабки тарзда муҳокама қилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур қонун билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг зиммасига:
- дафн этиш учун нафақани бериш;
- хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларини белгилаш;
- фуқаролик ишлари бўйича судларга ва маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод этишга тааллуқли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланиши учун даволаш муассасасининг хулосаси талаб этилмаслиги белгиланмоқда.
Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар, ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар йўқолган ёхуд яроқсиз ҳолга келган Ўзбекистон фуқаросининг идентификацияловчи ID-картасини ёки биометрик паспортини алмаштиришда давлат божини тўлашдан озод қилинишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Изоҳ (0)