Австралияда 11 июль куни рус миллатига мансуб эр-хотин Москва фойдасига жосуслик қилишда айблаб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, эр-хотин мамлакат ҳарбийлари ва ҳарбий иншоотлари тўгрисидаги махфий маълумотларни қўлга киритган. Кейинчалик бу маълумотларни рус махсус хизматларига топширишни режа қилган.
Австралия Федерал полицияси ва хавфсизлик разведка ташкилоти маълумотларига кўра, эр-хотин Австралияда 10 йилдан кўпроқ вақт давомида яшаб келган. 11 июль куни улар Брисбеннинг шимолий чеккасида жойлашган Эвертон Парк шаҳарчасидаги уйларида ҳибсга олинган.
Ҳибсга олинган 40 ёшли аёл Австралия армия оддий аскари бўлган. У аввал Австралия Мудофаа кучларида бир неча йил давомида ахборот тизимлари бўйича техник бўлиб фаолият юритган.
Аёл 2016 йилда Австралия фуқаролигини олган. Унинг россиялик эри, 62 ёшли якка тартибдаги ишчи эса 2020 йилда мамлакат фуқаролигини қабул қилган.
“Бу шахслар Австралиянинг миллий хавфсизлик манфаатларига алоқадор бўлган Мудофаа кучлари материалларига кириш учун биргаликда ишлаб, тил бириктирган”, — дейилади маҳаллий полиция ҳисоботида.
Манбага кўра, ҳибсга олинган аёл ўтган йили ҳарбий хизматдан таътилда бўлган пайтида Австралия ҳукуматига хабар бермасдан Россияга жўнаб кетган. Ўзининг ишчи аккаунтини эса ҳарбий соҳага умуман алоқаси бўлмаган эрига қолдириб кетган.
Эр-хотин махфий маълумотларни рус махфий агентларига топширгани борасида ҳозирча маълумот йўқ. Агар бу хабар тасдиқланса, айбланувчилар жосуслик айблови бўйича ҳукм қилиниши мумкин.
- Австралияда жосусларга қарши қонун 2018 йилда қабул қилинган.
- Ушбу қонунга кўра, жосусликка тайёргарлик учун 15 йил ҳамда ўзга мамлакатга маълумотлар узатганлик учун 25 йилгача жазо тайинланиши мумкин.
Изоҳ (0)